Ўзбекистон | 09:08 / 27.02.2020
5166
3 дақиқада ўқилади

Angry Birds муаллифи Тошкентда мастер-класс ўтди

«Имконсиз нарсанинг ўзи йўқ, фақатгина ўқиш, ўрганиш керак. Шунда барча имкониятлар пайдо бўлади». Дунёга машҳур Angry Birds ўйини муаллифи Питер Вестербак ўз муваффақиятини шундай изоҳлади.

Фото: IT park Uzbekistan

Дунё бўйлаб 2 миллиарддан зиёд нусхада сотилган машҳур Angry Birds (Жаҳлдор қушлар) ўйини муаллифи Питер Вестербак 26 февраль куни Тошкентдаги Инҳа университетида ёшлар учун маҳорат дарси ўтди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Питер Вестербак ўйинлар ишлаб чиқарувчи Rovio компаниясининг (Финляндия) маркетинг бўйича директори, Angry Birds ўйини муаллифларидан бири ҳисобланади. Бундан ташқари, у HP Mobile E-services Bazaar асосчиси; Mobile Monday, Edunation, Fun Academy, Lightneer, FinEst Bay Area ва Slush компанияларининг ҳаммуассиси ҳамдир.

Вестербак TIME журнали эътирофига кўра, 2011 йилда «Сайёранинг энг обрўли 100 одами» рейтингига киритилган, 2015 йилда шу рейтингнинг энг юқори ўнталигидан жой олган. У 2018 йилда Шанхайнинг Тунцзи университетида инновациялар ва тадбиркорлик бўйича профессор унвонини олган.

Ёшлар билан учрашув чоғида Вестербак ўз соҳасида эришган тажрибалари билан бўлишди.

«Агар сиз бир соҳада жуда катта муваффақиятга эришсангиз, бу борада ҳамма нарсани биламан, деган тушунча пайдо бўла бошлайди. Мана шу нуқтада тўхтаб қолиш керак эмас, илгарига ҳаракат қилишда давом этиш керак», дейди у.

Мутахассис оламшумул янгилик яратиш аксарият ўйлаганидек имконсиз нарса эмаслигини таъкидлади.

«Имконсиз нарсанинг ўзи йўқ, фақатгина ўқиш, ўрганиш керак. Шунда барча имкониятлар пайдо бўлади.

Rovio 2003 йилда ташкил этилган бўлса, 2008 йилгача 51та ўйин ишлаб чиқарди. Дунёга машҳур бўлган Angry Birds 52-ўйин сифатида 2009 йилда яратилди. Бу ўйин ҳақида ҳам қачондир ҳеч ким ўйламаган. Лекин у пайдо бўлди ва ҳаммага манзур келди. Сиз ҳам келажакда бугун ҳеч ким хаёлига келтирмаган нарсани яратиб, муваффақиятга эришишингиз мумкин. Фақатгина ўз имкониятингизга шубҳа билан қараманг», дейди Вестербак.

Angry Birds муаллифи ўз тажрибасидан келиб чиқиб, муваффақият калитлари ҳақида гапириб берди.

«Менинг кичик қоидаларимдан бири: шунчаки ўйлама, чуқур ўйла (Don’t think, do think).

Бу – шунчаки механик ўйлашдан кўра юқорироқ ҳолат. Масаланинг чуқур моҳиятига кириб таҳлил қилиш керак. Шунда ўзингиз излаётган учқунни топа оласиз.

Ва энг муҳими, нима яратишингиздан қатъи назар, шунчаки бренднинг ортидан қувманг. Маҳсулотнинг моҳиятига, оригиналлигига диққат қаратинг», деди ёшларга қарата Вестербак.

Мавзуга оид