Жамият | 12:12 / 27.02.2020
6335
4 дақиқада ўқилади

Тошкент халқаро кинофестивали қайта тикланиши мумкин

Жорий йилнинг 20 февраль куни бошланган Берлин кинофестивалида «Ўзбеккино» Миллий агентлиги вакиллари хорижнинг етакчи киноарбоблари билан бўлган учрашувда Тошкент халқаро кинофестивалини қайта тиклаш масаласини ҳам муҳокама қилишди, дейилади «Ўзбеккино» Миллий агентлиги матбуот хизмати хабарида.

Тошкент кинофестивалини қайта тиклаш, уни нуфузли кинофестивалга айлантириш ҳақида «Ўзбеккино» Миллий агентлиги раҳбари Фирдавс Абдухолиқов, шунингдек, хорижлик киноэкспертлар ўз фикрларини билдиришган.

«Халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ва кинематография соҳасидаги алоқаларни кенгайтириш Ўзбекистон киносаноатининг муҳим ва долзарб вазифаларидан биридир. Биз Берлин халқаро кинофестивалида дунёнинг машҳур киноарбоблари билан Президентимиз ташаббуси асосида афсонавий халқаро Тошкент кинофестивалини ўтказишни яна йўлга қўйиш масаласини муҳокама қилдик. Бу муҳим вазифани хорижлик ҳамкорлар иштирокисиз амалга оширишнинг иложи йўқ.

Бу ерда фақат Тошкент кинофестивалини ўтказишни йўлга қўйиш эмас, балки уни дунё миқёсидаги энг нуфузли кинофестивалга айлантириш ҳақида гап кетмоқда» – деб таъкидлади «Ўзбеккино» Миллий агентлиги раҳбари Фирдавс Абдухолиқов. 

«Дунё аҳли учун севимли бўлган Тошкент халқаро кинофестивалини орадан шунча йиллар ўтганига қарамай, қайта тиклаш ҳақидаги ташаббусни ҳақиқий жасорат деса бўлади. Бу бир пайтлар бузиб ташланган, халқлар ўртасидаги дўстлик кўпригини қайта тиклаш, деганидир. Мазкур кўприк вақт занжирини ва бутун бошли авлодларни бирлаштиради, жипслаштиради. Бундай эзгу мақсадни амалга оширишда қўлимдан келган барча ёрдамни аямайман», -  деди FIAPF директори Беноит Гинисту (Benoit Ginisty). 

Фото: «Ўзбеккино» Миллий агентлиги

«Тошкент кинофестивалини барча кинематографиячилар яхши эслашади. Уни қайта тиклаш, яна халқаро орбитага олиб чиқиш керак. Бу муҳим масалани амалга оширишда биз ҳам қўл қовуштирмай, ёрдам беришга тайёрмиз. Бу нафақат Ўзбекистон, балки дунё киноси учун ҳам энг долзарб масаладир, - деб таъкидлади FIPRESСI Халқаро кино матбуоти федерацияси бош директори Клаус Эдер. 

«Ҳозир Ўзбекистонда давлатни ва жамиятни ўзгартирувчи кенг миқёсли ижобий жараёнлар кетмоқда. Тошкент кинофестивалининг қайта тикланиши Ўзбекистоннинг дунёга ўз эшикларини очиш сари қўйган муҳим қадамларидан бири, деб ўйлайман», - деб фикр билдирди машҳур кинотанқидчи, киноэксперт Сергей Лаврентьев. 

«Тошкент халқаро кинофестивалининг қайта тикланиши киносаноат соҳасида ижодий изланишлар майдончаси вазифасини ўтайди, бу биз учун жуда фойдали ва қизиқ жараён. Кинофестиваль доирасида ёш кинематографиячиларда ўзаро фикр алмашиш, тажрибаларини ўртоқлашиш имконияти юзага келади. Ўзбекистонда ёшлар кўплигини ҳисобга оладиган бўлсак, бу жуда муҳим масаладир» - деди Коттбусс кинофестивали дастурий директори Берндт Будер. 

Мазкур масала юзасидан Берлиналенинг расмий вакили Барбара Вурм, МКФ GoEast директори Хелеен Герритсен, Марказий Осиё ва Шарқий Европа кинематографиячиларининг UNIFRANCE департаменти раҳбари, кинотанқидчи Жоэль Шапрон (Joel Shapron), киношунос, Германиядаги Чингиз Айтматов жамғармаси филиали асосчиси Светлана Слапке ва бошқа киноэкспертлар ҳам сўзга чиқиб, бу ташаббусни қўллаб-қувватладилар. 

Тошкент кинофестивали Ўзбекистон пойтахтида 1968 йилдан бошлаб ўтказиб келинган. У Осиё, Африка ва Лотин Америкаси мамлакатлари кинематографиясининг дунёга машҳур, энг катта анжумани бўлган. Тошкент кинофестивали дунё миқёсида катта мавқега эга бўлиб, унда иштирок этган дунё киночилари киносаноатни ривожлантириш масалаларини муҳокама этишган. Ёш кинематографиячилар учун эса тажриба алмашиш, ўрганиш имконини берган. 

Мавзуга оид