12:38 / 03.03.2020
1
29666

«Авто 60 ой» МЖЧ раҳбари шунчаки «фигурант» бўлганми? — Тергов департаменти изоҳ берди

«Avto oltmish oy» МЧЖ раҳбари Жамшид Баҳодиров жиноий схемани бир ўзи ўйлаб топишга қодир эмас. Унинг жиноий шериклари бор, уларнинг сонини аниқлаш давом этмоқда.

2 март куни Интерпол миллий марказий бюросида ўтказилган матбуот анжуманида Тергов департаменти бошлиғи ўринбосари – Жиноятларни тергов қилиш бошқармаси бошлиғи Ойбек Қулбеков «Avto oltmish oy» МЖЧ фаолияти бўйича қўшимча маълумотлар берди.

«Бу жиноятни Жамшид Баҳодиров бир ўзи содир қилган деб айтолмаймиз. Унинг жиноий шериклари бор ва улар биргаликда шу схемани ўйлаб топиб амалга оширишган. Пул маблағларини йиғиш, одамларни жалб қилиш, турли шартномалар тузиш – буларни Ҳарвардни тугатган бўлса ҳам битта инсоннинг қўлидан келмайди, жисмонан ҳам улгурмайди.

Ойбек Қулбеков

Жиноят иши доирасида жиноий жавобгарликка тортилган яна бир қанча шахслар бор, жиноят ишига дахлдор бўлганларни аниқлаш ҳалигача давом этмоқда», дея унинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

«Avto oltmish oy» МЧЖ мансабдорлари фоизсиз, пулини 5 йил давомида бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан автомашина олиб беришни ваъда қилиб, салкам 19 минг киши билан шартнома тузган, бироқ уларнинг атиги 96 нафарига автомобиль олиб берилган. Бу автомобиллар ҳам одамлар томонидан жамият ҳисобига тўланган пулларга сотиб олингани учун жабрланувчиларга етказилган зарарни қоплаш мақсадида хатланиши мумкин.

Матбуот анжуманида жабрланувчиларга етказилган умумий зарарнинг ундирилган қисми 34 миллиард 148 миллион сўм экани, шундан 26 миллиард сўми нақд пул шаклида, хатланган мол-мулклар эса 8 миллиард 148 миллион сўмдан иборатлиги, ҳозирда турли русумдаги умумий баҳоси 2,1 миллиард сўмга тенг бўлган 28та транспорт воситаларини хатлаш чоралари кўрилаётгани маълум қилинди.

«Жамиятнинг 18 мингдан ортиқ абоненти бўлган. Фарғона, Андижон ёки исталган бошқа ҳудудни оладиган бўлсак, битта вилоятдан ўртача 3 минг одам пул топширган. Уч минг кишини тўлиқ сўроқ қилиб, тергов материалларини таҳлил қилмагунимизча, одамларни жалб қилиш ва улардан пул йиғиш жараёнида қанча одам иштирок этганига баҳо бериб бўлмайди.

Тергов материаллари таҳлил қилиб чиқилганидан кейин одамлардан пул йиғишга ёрдам берган, бошқа турли вазифаларни бажарган шахсларнинг ҳаракатларига қонуний баҳо берилади. Шу сабабли айни пайтдаги айбланувчилар доираси тўлиқ эмас. Уларнинг сони яна кўпайиши мумкин», – дейди Ойбек Қулбеков.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йилнинг октябрида ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти «Avto oltmish oy» МЧЖ мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 188-1-моддаси 1-қисми, яъни пул маблағларини ва бошқа мол-мулкни жалб этишга доир ноқонуний фаолиятини текшириш мақсадида жиноят иши қўзғатганди.

Жиноят иши қўзғатилишига UzAutoMotors АЖнинг ИИВга ушбу МЧЖнинг фуқароларга фоизсиз, пулини 5 йил (60 ой) муддатга бўлиб тўлаш шарти билан шубҳали фаолият кўрсатаётганини билдириб йўллаган мурожаати юзасидан терговга қадар суриштирув вақтида аниқланган ҳолатлар асос бўлган.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top