18:17 / 03.03.2020
0
23800

«Авто 60 ой»дан олинган машиналар хатланиши мумкин

«Avto oltmish oy» МЧЖ фоизсиз, пулини 5 йил давомида бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан автомашина олиб беришни ваъда қилиб, салкам 19 минг одам билан шартнома тузган, бироқ уларнинг атиги 0,5 фоизига автомобиль олиб берган. Аммо бу автомобиллар ҳам одамлар томонидан жамият ҳисобига тўланган пуллар эвазига сотиб олингани учун жабрланувчиларга етказилган зарарни қоплаш мақсадида хатланиши мумкин.

2 март куни Интерпол миллий марказий бюросида ўтказилган матбуот анжуманида Тергов департаменти бўлим бошлиғи Азизбек Долихўжаев «Avto oltmish oy» МЖЧ фаолияти бўйича қўшимча маълумотлар берди.

Азизбек Долихўжаев

«Тергов давомида 18 818 нафар мижоз жамиятга 57 миллиард 412 миллион сўм тўлов қилгани аниқланди. Шундан мижозларга автомашина сотиб олиб бериш учун «Қибрай авто-мото сервис» МЧЖга 24 миллиард 6 миллион сўм кўчириб берилган, бу пулга 130та машина сотиб олинган, шундан 96таси мижозларга етказиб берилган, холос.

Машина етказиб берилган фуқаролар ҳам жабрланувчи сифатида терговга жалб қилинган. Сабаби уларга етказиб берилган автомобиллар ҳам одамлар томонидан жамият ҳисобига тўланган пулларга сотиб олинган. Эртага ушбу машиналар ҳам жиноят иши доирасида етказилган зарарни қоплашга қаратиладиган бўлса, уларнинг эгалари жабрланувчига айланиб қолиши мумкин. Чунки улар автомашина учун фақат бошланғич ва бошқа тўловларни тўлаган. Автомобиль таннархининг қолган қисми одамлар тўлаган пуллар ҳисобидан қопланган», дея унинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Тадбирда «Қибрай авто-мото сервис» МЧЖдан сотиб олинган, бироқ мижозларга етказиб берилмаган 34та машина «Avto oltmish oy» МЧЖ раҳбари ва бошқа мансабдорлари томонидан жиноий йўллар билан ўзлаштирилгани, жамият эҳтиёжлари учун ишлатилгани маълум қилинди.

Қайд этилишича, тергов давомида аниқланган 28та турли русумдаги умумий баҳоси 2,1 миллиард сўмга тенг бўлган транспорт воситаларини хатлаш чоралари кўрилмоқда.

«96 нафар мижозга машина олиб берилган. Дейлик, мен мижоз сифатида бориб 3 млн тўлаган бўлсам, 80 миллионлик машина олиб берилган. 80 млн сўмни мен 60 ой мобайнида тўлашим керак эди. Бу бошқа одамларнинг фирмага тўлаган пули эвазига олинган.

Шу сабабли «Avto oltmish oy» МЧЖдан машина олган фуқароларга тўғри тушунтирган ҳолда имконият беряпмиз. Дастлабки тергов якунига қадар машинанинг пулини тўлиқ тўлаб беришса, кейинчалик суд орқали машинага эгалик ҳуқуқини сақлаб қолишлари мумкин. Агар пуллар қайтарилмайдиган бўлса, 96та машина қонунда белгиланган тартибда хатланиши ва ҳозирги эгаларидан олиб қўйилиши мумкин», дейди Тергов департаменти бошлиғи ўринбосари – Жиноятларни тергов қилиш бошқармаси бошлиғи Ойбек Қулбеков.

Ойбек Қулбеков

Матбуот анжуманида Kun.uz мухбири жиноят содир этилган даврда жавобгарларнинг қариндош-уруғлари, дўстлари, танишлари номига турли мол-мулклар олингани бўлиши мумкинлиги, тергов жараёнида бу каби омиллар ҳисобга олингани билан қизиқди.

«Агар фуқаролар ҳар қандай қариндошининг номига кўчар ёки кўчмас мулк сотиб оладиган бўлса, терговчиларда бу қайси маблағлар ҳисобидан олинган деган шубҳа туғдиради ва суриштирув давомида бу масала ўрганиб чиқилиб, тергов ўз фикрини билдиради. Агар шубҳа тасдиғини топадиган бўлса, мазкур мол-мулк хатланиб, келгусида жабрланувчиларга тўлаб бериш чоралари кўрилади», дейди Азизбек Долихўжаев.

Тадбирда мулкий жиноятлар, яъни талон-торож, кимгадир зарар етказиш билан боғлиқ жиноятларни тергов қилишда айбланаётган шахслардан ташқари ИИВ тизимидаги молиявий-разведка ва тезкор хизматлар орқали уларнинг яқинлари ва қариндошлари доираси аниқланади, керакли тезкор-қидирув тадбирлари ўтказилиши билдирилди.

«Пул маблағлари қаерга чиқиб кетди, кимнинг номига расмийлаштирилди, қандай қилиб легаллаштирилди – барчаси ўрганилади. Қўлимизда бу бўйича маълумотлар бор. Бировларнинг номига олинган мол-мулклар ҳам аниқланган. Улар кимнинг номига олингани, қандай ўзлаштирилганини тергов якунланиб, иш судда кўриб чиқилгандан кейингина ошкор қилишимиз мумкин. Айбсизлик презумпциясига кўра суднинг қонуний ҳукми эълон қилинмагунча ҳеч кимни айбдор деб айтиб бўлмайди», дейди Ойбек Қулбеков.

Эслатиб ўтамиз, «Avto oltmish oy» МЧЖ таъсисчиси ва бошқа мансабдорлари фуқароларга фоизсиз, пулини 5 йил давомида бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан автотранспорт олиб беришни ваъда қилиб, одамлардан транспорт воситаси турига қараб 2 млн сўмдан 10 млн сўмгача пул олган, 19 мингга яқин мижоздан жами 57 миллиард 412 миллион сўм йиғилган.

Жабрланувчиларга етказилган умумий зарарнинг ундирилган қисми 34 миллиард 148 миллион сўм бўлиб, шундан нақд пул шаклидагиси 26 миллиард сўм, хатланган мол-мулклар эса 8 миллиард 148 миллион сўмдан иборат. Камомад 23 млрд 264 млн сўмни ташкил этмоқда.

Тергов департаменти «Avto oltmish oy» МЖЧ раҳбари Жамшид Баҳодиров жиноий схемани бир ўзи ўйлаб топишга қодир эмаслигини таъкидлаган. Унинг жиноий шериклари бор ва айни вақтда уларнинг сонини аниқлаш давом этмоқда.

Ушбу иш бўйича гумонланувчилар эҳтиёт чораси сифатида қамоқда сақланмоқда, бир нафар гумонланувчига нисбатан «гаров» эҳтиёт чораси қўлланган. Ҳужжатли тафтиш якуни бўйича қолган шахслар ва жамиятнинг вилоятлардаги филиалларидаги менежер ҳамда кассирларининг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилиши айтилмоқда.

«Avto oltmish oy» МЧЖ раҳбари ва бошқа мансабдорларига нисбатан қўзғатилган жиноят ишини тергов қилиш учун белгиланган муддат 7 ойгача, яъни 2020 йилнинг май ойигача узайтирилиши кутилмоқда. Ҳозиргача мазкур жиноят иши бўйича қарийб 17 минг нафар фуқаро сўроқ қилинган. Жабрланувчилар тўлиқ сўроқ қилиниб, зарар миқдори аниқлангандан кейингина тергов якунланади ва иш судга оширилади.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top