12:18 / 12.03.2020
0
7216

Қонунчилик палатасида янги амалиёт жорий қилинди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси фаолиятида янги амалиёт қарор топди

Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ахборот хизмати

2020 йил 11 март куни ўтказилган навбатдаги ялпи мажлисда парламент тарихида илк бор депутатларнинг 2020 йил 27-29 февраль кунлари ўз сайлов округларида ўтказилган учрашувлари якунлари тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.

Шу йил февраль ойи охирида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ўзи сайланган округларда бўлиб, аҳоли билан учрашувлар ўтказиб, одамларни қийнаётган масалаларни ўрганган эди. Мажлисда ана шу таҳлилий-танқидий ўрганишлар якунлари бўйича тайёрланган ахборотни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси cпикери Н.Исмоилов ўқиб эшиттирди.

Ахборотда қайд этилганидек, ўрганишлар жараёнида парламент аъзолари томонидан қатор учрашувлар ташкил этилиб, фуқаролар қабули ўтказилди. Хонадонлар ва ижтимоий соҳа объектларида бўлган депутатлар ёшлар, тадбиркорлик субъектлари вакиллари билан суҳбатлашди. Хусусан, халқ ноиблари 649 та хонадонда бўлди, 741 та учрашув ўтказди. Уларда 34 мингдан зиёд фуқаро, шу жумладан, 3,5 мингдан зиёд тадбиркор билан бевосита учрашув ва мулоқотлар ташкил этилди. 356 та ижтимоий соҳа объекти фаолияти билан танишилди.

Учрашувларда аниқланган муаммоларнинг айримлари жойида ўз ечимини топди. Туман ва шаҳар даражасидаги 920 та, вилоят даражасидаги 416 та масала депутатлар томонидан маҳаллий ижро ҳокимияти билан биргаликда ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.

Қайд этилганидек, қуйи палатадаги сиёсий партиялар фракциялари томонидан республика даражасидаги тизимли 309 та масалани парламент назоратининг парламент сўрови, парламент эшитуви, қўмита эшитуви, депутат сўрови каби шаклларидан фойдаланган ҳолда бартараф этиш юзасидан зарур чора-тадбирлар белгилаб олинди. 

Масалан, ЎзЛиДеП партияси фракцияси аъзолари жойларда учраётган долзарб тизимли муаммолардан бири — ер-жой ажратиш, кадастр хизмати билан боғлиқ масалани тезкор равишда парламент даражасида кўтариб чиқди. 2020 йил 10 март куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ўтказилган навбатдаги “Ҳукумат соати”да Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси мутасаддиларини “Ер майдонларини танлаш ва тадбиркорлик субъектларига ер участкаларини ажратиш, ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар, шунингдек, қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган ер фондининг самарали ишлатилиши бўйича олиб борилаётган чора-тадбирлар тўғрисида”ги масала юзасидан эшитиб, муҳокама қилишга эришди.

Депутатларнинг сайлов округларидаги учрашувлари самарадорлигини янада ошириш мақсадида Қонунчилик палатасидаги бошқа партиялар фракциялари ҳам ўз мажлисларида сайлов округларидаги учрашувлар натижаларини мунтазам муҳокама қилиб, аниқланган муаммо ҳамда камчиликларни бартараф этиш чора-тадбирларини тизимли равишда амалга оширишга киришмоқда, дейилади парламент хабарида.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top