Ўзбекистон | 10:53 / 13.03.2020
10145
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Тожикистон Зарафшон дарёси ҳавзасида ГЭС қуриш масаласини муҳокама қиляпти

Ўзбекистон ва Тожикистон Зарафшон дарёси ҳавзасида ГЭС қуриш ва уни эксплуатация қилиш тартиби ва улушбай иштирок этиш шартлари тўғрисидаги ҳукуматлараро битим лойиҳасини муҳокама қилишда давом этмоқда

Фото: РИА Новости

Ўзбекистон – Тожикистон ишчи гуруҳининг навбатдаги йиғилиши март ойида Душанбе шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган, деб хабар бермоқда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.

Қайд этилишича, Тожикистонда Зарафшон дарёсида умумий қуввати 320 МВт.га тенг иккита ГЭС қуриш масаласини ўрганиб чиқиш Ўзбекистон Республикаси президенти ва Тожикистон Республикаси президентининг 2018 йил 17 августда имзоланган қўшма баёнотида кўзда тутилган.

Кейинчалик ушбу тадбир Ўзбекистон Республикаси президентининг 2018 йил 28 август куни тасдиқланган ПҚ-3922-сонли қарори “Йўл харитаси”да ўз ифодасини топган.

Гидроэлектрстанцияларни босқичма босқич қуриш режалаштирилган: аввалига қиймати 282 млн долларга тенг, қуввати 140 МВт.ни ташкил этувчи ҳамда 700-800 млн кВт-соат электр энергияси ишлаб чиқарувчи Ёвон ГЭС қурилиши кўзда тутилмоқда.

Навбатдаги босқичда томонлар Фандарёда қиймати 270 млн долларга тенг, қуввати 135 МВтюни ташкил этувчи ҳамда 500-600 млн кВт-соат электр энергияси ишлаб чиқарувчи ГЭС қуриши мўлжалланган.

Лойиҳани молиялаш халқаро молиявий ташкилотларнинг қарз ва грант маблағлари, шунингдек томонларнинг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши кўзда тутилган.

Қурилган гидроэлектрстанциялар фақат Ўзбекистон эҳтиёжлари учун 1400 млн кВт.с экологик соф электр энергияси ишлаб чиқаради.  

Шунингдек, лойиҳа ягона энерготизимни қўллаб-қувватлашга ҳамда ГЭСни бирга қуриш ва улардан фойдаланиш жараёнида қўшимча иш ўринларини яратишга, шунингдек электр энергиясини тенг асосда Ўзбекистон ва Тожикистонга йўналтиришга кўмаклашади.

Илк бор Тожикистон томонидан тақдим қилинган Зарафшон дарёсида ГЭС қурилишида улушбай иштирок этиш тартиби ва шартлари тўғрисидаги ҳукуматлараро битим лойиҳаси 2019 йил 24 апрелда Ўзбекистоннинг манфаатдор вазирликлари ва идоралари вакилларидан ташкил топган ишчи гуруҳ томонидан кўриб чиқилди.

2020 йил 28-29 январь кунлари Тошкентда Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ва Тожикистон Республикаси ҳукумати ўртасидаги Зарафшон дарёси ҳавзасида ГЭС қуриш ва уни эксплуатация қилиш тартиби ва улушбай иштирок этиш шартлари тўғрисидаги ҳукуматлараро битим лойиҳасини муҳокама қилиш бўйича Ўзбекистон – Тожикистон ишчи гуруҳининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.

Вазирлик маълумотида айтилишича, қўшма ишчи гуруҳнинг навбатдаги мажлисида инвестицияларни ҳимоя қилиш ва хатарлар даражасига таъсир этувчи Ўзбекистон томонидан киритилган ўзгаришлар, баҳсли масалаларни кўриб чиқиш механизми, ишлаб чиқарилаётган электр энергиясини Ўзбекистон томонидан харид қилиш тартиби ва бошқалар муҳокама қилинади.

Мавзуга оид