Пандемия қурбонлари: Авиакомпаниялар эгалари коронавирус ортидан қанча зарар кўрди?
Авиакомпаниялар асосчилари, раҳбарлари ва йирик инвесторлари коронавирус пандемияси сабабли зарбага учради.
Кейинги ойда авиакомпаниялар акциялари глобал бозордаги энг ёмон сармояга айланди. Акциялар нархи тушишидан энг кўп зарар кўрганлар инвестор Уоррен Баффет ва яна бир нечта миллиардерлар бўлди.
• Бозордаги саросимадан жабр кўрган машҳур инвесторлардан бири — Уоррен Баффет. Ўтган ойда унинг Berkshire Hathaway инвестицион фондига қарашли Delta, United, Southwest ва American Airlines авиакомпаниялари акциялари 3,78 млрд долларга арзонлашди.
• Авиабозорнинг собиқ таҳлилчиси Пол Ридер қўл остидаги PAR Capital Management Бостон ҳедж-фонди энг кўп пулни авиакомпанияларга тикканди ва мос равишда сезиларли зарар кўрди. Фонднинг қиймати 3 млрд долларлик 40,5 фоиз активи Америка авиалинияларига тўғри келади. Фонд коронавирусдан жабрланаётган туризм соҳаси билан ҳам узвий боғлиқ: саёҳатчиларга мўлжалланган Expedia, TripAdvisor ва Trivago сайтлари ҳамда Hertz ва Avis автомобиллар ижара хизматлари улушлари ҳам унга тегишли.
• Якка инвесторлар ичида коронавирусдан энг кўп зарар кўрган шахс EasyJet асосчиси Стелиос Хажи-Иоанну бўлди. Лондон биржасида авиакомпания акциялари нархи бир ой ичида 47 фоизга арзонлашди, бизнесменнинг бойлиги эса 1,1 млрд долларгача камайди.
• Allegiant Air лоускостери асосчиси Морис Галлаҳер компанияси акциялари 38,6 фоизга қулаб, улуши қиймати 286 млн долларга тушиб кетишини алам билан кузатди.
• Ҳиндистондаги IndiGo лоукостери асосчиси Ракеш Гангвалнинг бойлиги 2,3 млрд долларгача камайди, унга қарашли InterGlobe Aviation холдинги акциялари нархи бир ой ичида 28,3 фоизга тушиб кетди.
• Лондон биржасида Ryanair акциялари нархи 34,3 фоизга арзонлашди, компания бош директори Майкл О’Лирининг улуши эса 531 млн долларгача қисқарди.
• American Airline акциялари нақд 55,3 фоизга тушиб, компания бош директори Уильям Паркернинг улуши 33,9 млн долларгача камайди.
• Southwest раҳбари Гэри Келлига тегишли 792 000 дона акция нархи 38,7 фоизга —28,6 млн долларга арзонлашди.
Аксарият таҳлилчилар йўловчилар оқими коронавирус пандемияси тугаганидан сўнг V-симон шаклда тикланишини тахмин қилмоқда.
Аввалроқ United Airlines авиакомпанияси туризм соҳасида мисли кўрилмаган зарар туфайли уни бартараф этиш учун 2 миллиард доллар қарз олгани ҳақида маълум қилганди.
Мавзуга оид
13:10 / 01.11.2024
Ўзбекистон авиакомпанияси Гоага тўғридан тўғри парвозларни йўлга қўйди
14:10 / 23.10.2024
Авиакомпаниялардан йўловчиларнинг 200 млн сўмга яқин пули ундириб берилди
18:29 / 02.10.2024
Яқин Шарқдаги вазият туфайли икки авиакомпания Ўзбекистонга парвозларни вақтинча тўхтатди
01:19 / 07.09.2024