14:53 / 17.03.2020
9003

Биржа савдоларига қўйилган уннинг 99,6 фоизи сотилди

Биржа савдоларига 6 955 тонна буғдой унининг 1-нави қўйилди ва ундан 6 928,7 тоннаси, яъни 99,6 фоизи сотилди 

Фото: Shutterstock

16 март куни "Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржаси" АЖ очиқ биржа савдолари орқали жами 209,7 млрд сўмлик товар ресурслари сотилди, бу аввалги савдо кунига нисбатан 1,3 фоизга кам.

Биржа савдоларига 6 955 тонна буғдой унининг 1-нави қўйилди ва ундан 6 928,7 тоннаси, яъни 99,6 фоизи сотилди. Савдоларда 42 та сотувчи корхоналар ва 1 240 та харидорлар эркин тарзда иштирок этишди.

Ўтказилган биржа савдо якунларига кўра уннинг 1-нави бўйича биржада шаклланган нархи маҳсулотнинг бир тоннаси учун 2,5 млн сўмни ташкил этди. Уннинг минимал нархи Тошкент вилоятида – 2,3 млн сўм, максимал даражаси эса Самарқанд вилоятида – 2,7 млн сўм атрофида қайд этилди. Нархлардаги тафовутлар биржа шартномаларнинг таснифлари, жумладан етказиб бериш шартлари ва товар хусусиятлари билан боғлиқ бўлди.

Биржанинг шакар бозорида жорий йилнинг бошидан буён ўрнатилган ўзгаришсиз ҳолат сақланмоқда. 16 мартда жами 2 000 тонна шакар биржа савдоларига қўйилди ва улардан 497,0 тоннаси, яъни 24,8 фоизи сотилди. Сотилган маҳсулотнинг умумий қиймати 2,6 млрд сўмни ташкил этди.

Таклиф даражаси юқори бўлганлиги сабабли шакарнинг нархи аввалги кунга нисбатан деярли ўзгармади ва бошланғич нарх даражасида қайд этилди. Хусусан, шакар бўйича шаклланган биржа котировкаси товарнинг бир тоннаси учун 5,3 млн сўмни, унинг бошланғич нархи эса – 5,3 млн сўмни ташкил этди.

Шунга ўхшаш ҳолатлар биржанинг пахта ёғи бозорида ҳам кузатилди. 16 март савдо натижаларига кўра 986,6 тонна пахта ёғи биржа савдоларига қўйилди ва улардан 458,0 тоннаси, яъни 46,4 фоизи сотилди. Очиқ биржа савдоларида 950 дан зиёд харидорлар иштирок этишди. Пахта ёғининг ўртача нархи маҳсулотнинг бошланғич нархига нисбатан 0,7 фоизга ўсиб, бир тоннаси учун – 9,1 млн сўмни ташкил этди.

Top