Жамият | 15:28 / 20.03.2020
103830
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон халқ артисти Ойбарчин Бакирова вафот этди 

Ўзбекистон халқ артисти Ойбарчин Бакирова 20 март куни 70 ёшида оламдан ўтди.

Фото: Ўзбеккино

Жорий йилнинг 20 март куни Ўзбекистон халқ артисти Ойбарчин Бакирова вафот этди. Бу ҳақда Маданият вазирлиги хабар бермоқда.

Ойбарчин Бакирова 1950 йил 27 июнда Андижонда таниқли ўзбек актёри Аббос Бакиров оиласида туғилган. 1971 йил Тошкент театр ва рассомлик институтини тамомлаган. 

Aктриса ўз фаолиятини 1971 йилда «Ўзбекфильм» киностудиясида бошлаган. У кўпчиликка таниш бўлган «Еттинчи жин», «Тангалик болалар», «Водиллик келин», «Aрмон», «Ўйин» ва «Фарзандим» каби ўнлаб филмларда турли образларни яратган.

«Еттинчи жин», 1976 йил
«Водиллик келин», 1984 йил

Ойбарчин Бакирова томошабинларга нафақат киноактриса балки дубляж соҳасидаги фаолияти орқали ҳам жуда яхши таниш. Aктриса бугунгача юздан ошиқ кино ва мультфилм қаҳрамонларига овоз берган.

«Квартира», 1989

Ойбарчин Бакирова ўз фаолияти орқали 2000 йилда «Ўзбекистон Республикаси халқ артисти» унвони билан тақдирланган.

Вазирлик хабарига кўра, бугун, шом вақти билан таниқли актриса Тошкент шаҳридаги «Чиғатой» қабристонига дафн этилади.

Kun.uz марҳуманинг оила аъзолари ва яқин дўстларига таъзия ва ҳамдардлик билдиради.