01:07 / 29.03.2020
33556

Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси шифокорларга 25 млн сўмгача маош берилиши ҳақида эълон қилди

Ижтимоий тармоқларда, айниқса телеграм каналларда тарқалиб кетган қисқагина эълон кўпчиликнинг диққатини тортди. Унда барча тиббиёт ходимлари ишга таклиф қилинади ва врачларга 25 млн, ҳамшираларга 15 млн, кичик тиббий ходимларга 10 млн сўм маош берилиши билдирилади.

Фото: iStock

Изоҳ олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси раиси муовини Абдунўъмон Сидиқов билан боғландик.

“Палатамизга тиббиёт ходимларини жалб қилиш бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўмак бериш вазифаси топширилган. Биз келиб тушган мурожаатлар орқали ўз тавсияларимизни берамиз. Соғлиқни сақлаш вазирлиги айнан кимни ишга қабул қилиш бўйича якуний қарор қабул қилади. Тарқалиб кетган эълон вилоят филиалларимиздан бири томонидан берилган, аммо шартлар батафсил тушунтирилмагани, масъул шахс тайинланмагани учун тушунмовчиликлар келиб чиққан”, деди у.

Унинг сўзларига кўра, палата сайтида бутун республика бўйича тиббиёт ходимларини жалб қилиш бўйича расмий эълон жойланган.

“Марҳамат, танишишингиз мумкин, эълонда ишга кириш учун мурожаат йўлланадиган махсус телеграм-бот ҳам кўрсатилган:

Миллий Палата бугун, 27 март куни "Миллий Палата COVID-19" (t.me/uzhealth_covid2019) махсус телеграм каналини ташкил қилди.

Ушбу каналга обуна бўлиш орқали Ўзбекистонда коронавирус инфекциясининг тарқалишига қарши курашда бевосита иштирок этишни истаган соғлиқни сақлаш мутахассислари (шифокорлар, ҳамширалар, лаборатория ёрдамчилари) ўзларининг алоқа маълумотларини қолдиришлари мумкин.

Эслатиб ўтамиз, президент қарорига кўра, коронавирус тарқалишига қарши курашиш билан шуғулланадиган ишчилар моддий ёрдамга таяниши мумкин.

Карантин пайтида (шу жумладан, 2020 йил март ойида ҳам) беморларни турар-жой бинолари ва лабораторияларда коронавирус инфекцияси билан алоқа қилган ходимларга ҳар 14 кунлик иш учун қуйидаги ҳажмда маош тўланади (солиқлардан ташқари):

тиббиёт ходимлари, лаборатория ёрдамчилари - 25 миллион сўм;

ўрта тиббиёт ходимларига, ҳамширалар, лаборатория ходимларига - 15 миллион сўм;

кичик тиббиёт ходимлари - 10 миллион сўм;

бошқа ходимларга (уларнинг рўйхати Инқирозга қарши комиссия томонидан тасдиқланади) - 5 миллион сўм”.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top