Ўзбекистон | 12:07 / 26.02.2024
4628
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон шифокор ва ҳамширалари Кувайт шифохоналарида ишлаш учун юборилади 

Ўзбекистондан малакали шифокор ва ҳамшираларни Кувайтга ишга жалб этиш бўйича онлайн музокаралар ўтказилди.

Фото: Kun.uz

Мамлакат элчихонаси кўмагида Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграция агентлиги раҳбарияти ва Кувайтнинг Neocare hospital ва Kuwait organization for trainings компаниялари таъсисчиси, Adan Hospital шифохонаси жарроҳлар бўлими бошлиғи Муҳаммад ал-Кандари ўртасида онлайн учрашув ташкил этилди.

«Дунё» хабарига кўра, учрашувда Кувайт тиббиёт муассасаларидаги бўш иш ўринларига Ўзбекистондан мутахассисларни жалб этиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Муҳаммад ал-Кандари мамлакат шифокор ва ҳамшираларининг салоҳиятини юқори баҳолади. Унинг айтишича, инглиз тилини яхши билган ўзбекистонлик шифокорлар ва ҳамширалар учун Кувайт шифохоналарида ишлаш имконияти мавжуд.

Онлайн музокаралар якунида томонлар Ўзбекистон шифокор ва ҳамшираларини Кувайтдаги шифохоналарда ишлаш учун юбориш тўғрисида битим лойиҳасини ишлаб чиқиш ва имзолашга келишиб олди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид