09:30 / 30.03.2020
79304

Исломда тижорат, савдогар ва харидор одоби. Раҳматуллоҳ қори Сайфуддинов билан суҳбат

Исломда тижорат одоби қандай? Пайғамбарлар шуғулланган шарафли касб эгалари нима учун нафсини устун қўймоқда? Харидор ва сотувчининг ўзаро муносабати қандай тартибга солиниши керак? Мусулмон инсон вабо чиққанида қандай манзилада бўлиши керак?

«Мирза Юсуф» жоме-масжиди имом хатиби Раҳматуллоҳ қори Сайфуддинов Kun.uz мухбири билан суҳбатда шу каби саволлар бўйича Ислом таълимоти ҳақида сўз юритди.

Банданинг ризқи кеч қолиши мумкин, лекин адашмайди

– Албатта, тижоратнинг одоби бор. Аллоҳ субҳанаҳу таоло Мулк сурасида марҳамат қилади: «Аллоҳ таоло шундай зотки, сизларга ерни бўйсундириб қўйди, унинг исталган жойида юриб, ризқ изланглар. Лекин, унутмангларки, қайтиш Аллоҳнинг ҳузуригадир».

Демак, биз ризқ талабида бўламиз ва уни ҳалол йўл билан талаб қилишга буюрилганмиз. Аҳли сунна вал-жамоа эътиқодида ризқ ҳалолга ва ҳаромга бўлинади. Ҳалол ризқда Аллоҳ рози бўлса, ҳаром ризқ учун Аллоҳ жазо беради.

Энди банда тижорат қилиб, зироат, саноат, деҳқончилик, боғдорчилик ёки чорвачилик билан ҳалол ризқ талабида бўлади.

Банданинг ризқи кеч қолиши мумкин, лекин адашиб кетмайди. Бировнинг ризқи бошқа бировга ўтиб кетмайди. Ўша ризқ келиши бандани ҳаромдан топишга етакламаслиги керак. Бугун шу нарса рўй бермоқда. Ҳалол ризқини озгина нотўғри тушунча билан, қаноатсизлик, инсофсизлик билан ҳаромга айлантириб қўйиш кўзга ташланмоқда айрим савдогарлар мисолида.

Савдогарлик шарафли касб – пайғамбарлар касби

– Биласизми, савдогарлик шарафли касб. Пайғамбаримиз алайҳиссолату васаллам айтганларки: «Ростгўй, садоқатли, ишончли, ҳалол савдогар пайғамбарлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан баробар бўлади».

Даражаси шунчалик, лекин, аксига олиб, инсофсиз савдогар бўлса, унинг жойи энг тубан жойда ҳам бўлади. Демак, тижоратнинг биринчи одоби шуки, тижоратчи ниятни тўғирламоғи керак.

«Мен тижорат қилиб, халқим яхши-ёмон кунида унга хизмат қилиб, ёрдам бераман», деб чиқса, тижорати ибодат бўлади. Аксинча, «бугун мен фойдаланиб қоламан, ҳамма оляпти, 10 сўмлик нарсани 30 сўм қиламан», деса, ният ёмонлиги учун Аллоҳ таолонинг қаҳри келади.

Тижорат билан инсон охиратининг оқибатини аниқлаб олиши ҳам мумкин

– Тижоратнинг иккинчи одоби – тижоратчи тижоратнинг илмини билиши керак. Сабаби, банда нафақат тижоратдан ризқ топади, балки савоб ёки гуноҳ ҳам топиши мумкин. Бахт-саодат ёки шақоват топиши мумкин. Охиратини тижоратдан аниқлаб олиши мумкин.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо шунинг учун айтган эдилар: «Мен учун Аллоҳнинг йўлида ўлишдан кейинги ўринда тижорат молларимнинг орасида жон бериш суюклидир».

Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам тожир бўлганлар ва бунда бошқаларга ўрнак бўлганлар. Тижоратчи фойда кўриш билан бирга, зарар кўриш эҳтимолини ҳам бўйнига олади. Шунинг учун Ислом тижоратни ҳалол қилди. Шунинг учун Аллоҳ рибони ҳаром қилди. Чунки, рибода куйиб қолиш йўқ. Судхўр доим фойдада бўлади, иккинчи томон зарарда бўлади.

Вожиб ёки суннат савобини топиш ўрнига гуноҳкор бўлиш ҳақида

– Инсон доим иккита қоида ўртасида бўлади. «Фойдани жалб қилиш» ва «зарарни даф қилиш». Лекин, учинчи қоида ҳам борки, зарарни даф қилиш фойдани жалб қилишдан муқаддам туради. Бу нима дегани? Масалан, қариндош-уруғчилик, силаи-раҳм Исломда вожиб амал. Беморнинг ҳолидан хабар олиш суннат амал. Лекин, ҳозирги вақтда шу иккиси хавфли бўлиб турибди. Шу боис, зарар очиқ-ойдин бўлиб турган вақтда бу амалларни адо қилиш тўхтаб туради.

Йўқ, мен вабодан қўрқмайман, деб бу вожиб ва суннат деб, айнан вирусга чалинган беморнинг зиёратига бораверсак, ёки қариндош-уруғлар билан борди-келдини давом эттираман деяверсак, биз вожиб ва суннатни (савобини) топган бўлмаймиз, балки гуноҳкор бўламиз. Чунки, шариат бу ерда қоида қўйди: зарарни даф қилиш фойдани жалб қилишдан муқаддам туради. Бунга риоя қилмоқ керак.

Тижорат илмини билмаганлар бозоримизда савдо қилмасин

– Қоидаларнинг яна бири шуки, савдогар одам, юқорида айтганимиздек, тижорат илмининг аҳкомини ўргансин. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: «Бизнинг бозоримизда тижорат илмини билмаганлар савдо қилмасин», деганлар.

У зот халифалик вақтларида бозорда шундай бир ишни йўлга қўйган эдиларки, маълум бир гуруҳ аъзолари савдогарларни савдо илмини билиши ёки билмаслигидан имтиҳон қиларди. Агар, савдо илмини билмаса, у савдогар ўрганиб келиши учун бозордан чиқариб юбориларди.

Бу нима учун ташкил қилинган? Инсонга зарар етказмаслик учун, бировга қимматга сотиб қўймаслиги учун, бировнинг молини кўпроқ сотиб олмаслиги учун ташкил этилган.

Оммавий синовлар – савоб ишлаб олиш учун қулай фурсат

– Энди Ислом дини шунчалик чораларни йўлга қўйган экан, биз қаердан журъат топиб, вабо вақтида молнинг нархини оширишга киришаяпмиз. Қайси журъат бизни бу ишга олиб боряпти? Аллоҳдан қўрқмаймизми?!

Қайтанга ҳозир – савоб ишлаб олиш фурсати. Оммавий синовлар келган вақтда мусулмончиликнинг ўз тадбирлари бўлган. Мисол учун, Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу даврларида очарчилик, қаҳатчилик келади. Шунда у зот ўғриларга жазо беришни тўхтатиб турганлар, «биз ўзимиз одамларга иш топиб бера олмаяпмиз, одамларнинг ҳалол ризқ билан кун кечиришларига имкон қилиб бера олмаяпмиз, баъзи одамлар ўғирлик содир этиб қўйсалар, уларнинг қўлини кесишимиз, инсоф-одамгарчиликдан бўлмайди» деб, вазият ўнгланмагунча қўлни кесиш амрини тўхтатиб турганлар.

Бу – давлат томонидан кўриладиган чора-тадбирлар. Давлатимиз, ҳукуматимиз ҳам солиқ борасида халққа, тадбиркорларга енгилликлар беряпти. Ўйлаб кўрсак, халқни уйга қамаб қўйиб, ким маза қилади, кимга фойда? Ҳеч кимга, балки ўша халқнинг хавфсизлиги учун, уйингда ўтир, дейилмоқда.

Тижоратда бош омил – шаффофлик ва аниқликдир

– Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг шогирдлари Имом Муҳаммаддан сўраган эканлар: «Тақво ҳақида бирор нарса ёзмайсизми?» Шунда у киши, «Ёзиб қўйганман-ку», дедилар. «Қаерда ёзганингиз?» «Ана ўқинглар, Китоби Бай – Савдо китобини ёзиб қўйганман-ку», дедилар.

Яъни савдо китобини ёзиб қўйганман, ҳаммаси тақвога асосланган, демоқчи бўляптилар. Бу китобни ўқисангиз, савдода биринчи қўйиладиган талаб – шаффофлик, аниқлик эканига эътибор қиласиз.

Ширкат бўладиган бўлса, ҳамма томон аниқ бўлиши, яширилган нарса бўлмаслиги, очиқ-ойдин бўлиши керак. Нима учун деса, ўртага адоват тушиб қолмаслиги, шериклар уришиб қолмаслиги, жанжал келиб чиқмаслиги учун, дейилади.

Савдо китобини ўқиганимизда, нафақат тақво китоби эканига, балки Ислом дини қанчалик тинчлик дини эканига ҳам амин бўламиз.

Нарх-навони бозор белгилайди

– Уламолар, тавсия маъносида, сотиладиган мол таннархининг 30 фоизигача қўйишни тавсия қилганлар. Бу – тавсия, қатъий буйруқ эмас. Чунки нарх-навони бозорнинг ўзи белгилайди.

Одамлар ҳазрати Умар розияллоҳу анҳуга келиб, «Эй мўминлар амири, бозорни тартибга солиб беринг, нарх-наволар ўйнаб кетяпти», деганларида: «Бозорни Аллоҳ таолонинг ўзи бошқаради», деганлар.

Яъни, нима демоқчилар – бозор шундай нарсаки, нархни ўзи бичади. Баъзи нарсаларнинг устига 5 фоиз қўйсангиз ҳам сотолмайсиз, баъзи нарсаларга 50-100 фоиз қўйсангиз ҳам фойда қолмайди. Нархни бозор муҳитининг ўзи белгилаб беради. Лекин ҳар доим савдогарнинг инсофи олдинги ўринда туради.

Сотишда, харид қилишда ва ҳақини талаб қилишда бағрикенг бўлиш ҳақида

– Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи ва Ибн Можа роҳимаҳуллоҳ буюк саҳобий Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар. Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло сотганда ҳам, сотиб олганда ҳам, ҳақини талаб қилганда ҳам бағрикенг бўлган бандасини раҳм қилсин», деганлар.

Масалан, сотаётган одам – сотувчининг одоби. Сотувчи харидорга арзонроқ қилиб берсин. Савдолашишга ҳақи бор, фойдасини қўйишга ҳақи бор, лекин шу нарсада иложи борича, бағрикенг бўлсин.

Харидорнинг одоби эса, бир сўмнинг устида юмалаб, талашиб тортишмасин-да, бағрикенг бўлсин, кўпроқ бўлса ҳам зиёда қилиб берсин.

Ҳақини, масалан, қарзини талаб қилаётган одам, муҳлат берсин, шу вақт мобайнида унга савоб бориб туради. Ёки кечиб юборсин.

Марҳамат кўрсатганга, марҳамат кўрсатилади

– Ҳазрати Расули акрам алайҳиссаломнинг ҳадиси-шарифларида келади. «Бир одамнинг руҳини қабз қилишди ва дедиларки, қаранглар-чи, бунинг бир солиҳ амали борми? Ҳеч бир солиҳ амал топилмаяпти. Унинг ўзидан сўрашдики, сенинг яхши амалинг йўқми, у камбағалларга берган қарзлари қайтарилмаса, кечиб юборишини эслади. Шунда Аллоҳ таоло унинг гуноҳларини кечиб юборинглар, деган. Яъни бандамизки, бандамизга шундай марҳамат кўрсатибди, марҳамат кўрсатишга Биз ҳақлимиз, дейди Аллоҳ», деган Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам.

Жамиятда ботил йўл билан мол топиш кўпайса, у ерга ўлим олиб келадиган ваболар келади

– Аллоҳ субҳанаҳу таоло Қуръони Каримда: «Молларингизни ўзаро ботил йўл билан еманглар, ўзаро розилик ила савдо-сотиқ билан бўлса, майли, ўзингизни-ўзингиз ўлдирманг», деб марҳамат қилади. Шу ерда бир қизиқ ҳолат бор: ўзини-ўзи ўлдириш билан молни ботил йўл билан ейиш ўртасида қандай боғлиқлик бор?

Боғлиқлиги шундаки, жамиятда рибохўрлик, молни ботил йўллар билан, бировнинг молини ҳазиллашиб ёки куч-қаҳр билан, ё бўлмаса ҳийла билан, ёхуд қимор ўйнаб ўзлаштириш, бировнинг ҳақидан қўрқмаслик кўпайса, у ерга ўлим олиб келадиган ваболар келади, дейилади. Шунинг учун, Аллоҳ таоло юқоридаги оятда «ботил йўл билан молларингизни еманг», дегандан сўнг, «ўзингизни ўзингиз ўлдирманг», демоқда.

Шу боис, бозорларда, супермаркетларда ишлаб турган юртдошларимиз, биродарларимиз, опа-сингилларимиздан илтимос қилардикки, ўзингиз ишлаб топаётган ҳалол пулингизни озгина эътиборсизлик ёки озгина қаноатсизлик, озгина қизғончиқлик билан ҳаромга айлантириб қўйманг. Аксинча, савоб қозонинг, чунки барака рақамларда, сонларда эмас. Барака инсоннинг ахлоқида, феъл-атворида.

Гўзал ахлоқли савдогарлар боис миллионлаб инсонлар Исломни қабул қилган

– Мусулмон тижоратчи доимо гўзал-аҳлоққа эга бўлган. Малайзия, Индонезия ва Филиппин мамлакатларига Ислом дини ҳалол савдогар аждодларимиз орқали кириб борган. Улар бориб, Исломга даъват қилмаганлар, улар ўзларидаги савдогарлик ахлоқини намоён қилганлар, холос. Ҳалол, покиза, ишончлик, хушмуомала ва бағрикенг бўлганлар. Табиийки, ерлик халқда савол туғилган: булар қандай одам, фаришталарми, деб уларнинг ким эканликларига қизиққанларида мусулмон эканликлари ҳақида жавоб олишган.

Савдогарлар: «Биз мусулмонлармиз, бизнинг динимиз савдода шундай бағрикенг бўлишга, ростгўйликка чақиради, садоқатга, тўғрисўзликка, хушмуомала бўлишга чақиради», деб жавоб берганлар. Шу билан ерлик аҳолида Ислом динига қизиқиш уйғотганлар. У ердаги миллионлаб инсонлар савдогарларнинг гўзал ахлоқлари боис мусулмон бўлганлар.

Ғайриоддий жума ҳақида

– Ўтган жума ғайриоддий жума бўлди. Жума куни жума намози йўқ, масжидлар бор, намозхони йўқ. Азон айтилди, аммо иқомат айтилмади.

Барча неъматларнинг калити истиғфорда

– Ҳазрати Нуҳ айтяптилар: «Мен қавмимга айтдим: Роббингизга истиғфор айтинг. Роббингиз гуноҳларни кечиргувчидир. Роббингиз, истиғфор айтсангиз, ёрдам беради, фарзандлар беради, ёмғир ёғдиради, бойлик беради, очарчиликни кўтаради», деган оятлар келган.

Вабо кўтарилса-ю, кўзимиз, қалбимиз очилмаса, энг катта бало ўзимиз бўламиз

– Агар йўллар, мактаблар, боғчалар, олийгоҳлар, масжид-мадрасалар очилса-ю, кўзимиз очилмаса, қалбимиз, виждонимиз очилмаса, бу ер учун бизнинг ўзимиздан ёмонроқ вабонинг ўзи қолмайди.

Биз ўзимиз вабо бўлиб қоламиз.

Агар тижоратчи халқ ўнги-сўлига қарамай оляпти, деб оддийгина исириқни фалон пулга сотадиган бўлса, вабонинг устига вабо бўлмайдими? Бу ўлганнинг устига тепиш дейилади. Ҳозир савдогарларимизнинг савоб қозонадиган даври келди.

Толиб Раҳматов суҳбатлашди
Тасвирчи Нуриддин Нурсаидов

Top