Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Карантин даврида электр энергия барқарорлиги таъминланадими?
Ҳозирги кунда бир суткада ўртача ҳисобда “Иссиқлик электр станциялари” корхоналари томонидан 170 миллион кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқилмоқда. Режага асосан каратин кунларида ҳам ишлаб чиқариш қувватлари тўлиқ амалга оширилиши белгиланган.
Энергетика вазирлигининг Kun.uz'га маълум қилишича, коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш ва бошқа глобал хавф-хатарлар даврида аҳолининг сифатли электр энергиясига бўлган эҳтиёжини қондириш, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаси субъектларини узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш учун суткасига 170 миллион кВт/соат энергия ишлаб чиқилмоқда.
Шунингдек, истеъмол эҳтиёжига кўра фақатгина Туркманистондан суткасига ўртача 2,8 миллион кВт/соат электр энергияси импорти амалга оширилмоқда.
"Масалан, 26 март ҳолатига мувофиқ, ишлаб чиқарилган электр энергияси жами 185,2 миллион кВт/соатни ташкил этган. Ҳозирги пайтда пойтахтда электр энергияси истеъмолининг юқори нуқтаси 1200 МВт ни ташкил этади", - дея маълумот берди вазирлик мутасаддилари.
Вазирлик маълумотига кўра, аксарият ҳолларда бутун мамлакатда кузатиладиган электр энергиясидаги узилишлар энергия истеъмоли ҳажмининг ўсишига боғлиқ.
"Бугунги кунда мавжуд бўлган кўп квартирали уй-жойларнинг асосий қисми совет иттифоқи даврида қурилган. Ўша пайтда қўлланилган 0,4 киловолтли электр таъминоти тармоғи қурилган уй-жой фондини тезкорлик билан электр билан таъминлашга мўлжалланган бўлиб, бугунги кундаги юкламаларни кўтара олмайди. Бундан ташқари ҳар бир хонадонда телевизор, совутгич, чанг ютгич, кир ювиш машиналари, компьютер, кондиционер, вентиляторлар бор. Кўп уйларда фойдаланиладиган проводка ва трансформаторлар ҳам энергия истеъмолининг бундай катта ҳажмига мўлжалланмаган. Шу тарзда, энергия таъминотини барқарорлаштириш муаммоси фақат Энергетика вазирлигига боғлиқ эмас. Бу ўринда, кўп нарса коммунал хизмат ходимлари масъулиятига киради. Уйларнинг шахталарида бутун проводкани янгилаш керак", - дейилади хабарда.
Маълум қилинишича, янги қурилаётган уй-жойлар эски трансформаторга уланмаслиги керак. Аммо қурилиш компаниялари, одатда, бунинг учун, айни пайтда, қозонхоналар учун жой етишмаслигини баҳона қилиб янги транформаторларни ўрнатмайди.
"Бу муаммонинг ечими бор – янги уйлар подвалларига “қуруқ” трансформаторларни ўрнатиш мумкин. Улар, шубҳасиз, маблағ талаб этади, аммо бу мавжуд юкламаларни орттирмаслик учун зарурдир. Айни пайтда улар экологик соф ва тежамкор ҳисобланади, турли мамлакатларда олиб борилаётган қурилишларда кенг қўлланилади. Шу тарзда, электр энергияси ишлаб чиқариш ва етказиб беришни кўпайтирган тақдирда ҳам, амалиёт шуни кўрсатадики, мавжуд энергияни узатиш тармоқлари ортиқча юкламага жавоб бериб, узилиб қолмаслигига ҳеч ким кафолат бера олмайди", - дейилади вазирлик маълумотида.
Таъкидланишича, Тошкент шаҳрида оммавий равишда 14-16 қаватли монолит уйлар қурилиши ҳам бошқа масалани келтириб чиқаради. Қурилиш меъёрларига кўра, бундай уйларга газ ўтказиш мумкин эмас. Ушбу уй-жой комплекслари хусусий қозонлар ҳисобига иситилади, аммо улар ҳам электр тизимига уланиб, тармоққа юкламани орттириб юборади. Шу сабабли Қурилиш вазирлиги ушбу масалани ҳал қилиши мумкин. Бунинг учун қурилиш компаниялари зиммасига бир жойда бир нечта кўп квартирали уйлар ёки 48 квартирадан ортиқ битта уй қурилганда когенерацион турдаги кичик қозонхоналар қўйиш мажбуриятини юклаш зарур. Улар нафақат иссиқлик бера олади, балки аҳоли эҳтиёжлари учун электр энергияни ҳам ишлаб чиқариши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, ҳозирги пайтда Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган электр энергиянинг 90 фоизи табиий газ ҳисобидан ишловчи иссиқлик электр станциялари томонидан етказиб берилмоқда. Табиий газни сарфлаш эвазига электр энергияни сарфлаб, хонадонларни иситиш жуда хавфли ва нотўғри.
Мавзуга оид
08:21 / 20.05.2026
Дунёдаги энг йирик электр энергияси манбалари рейтинги
09:17 / 17.03.2026
Кубада миллий миқёсдаги блэкаут юз берди
18:05 / 10.02.2026
«Квартплата»дан қарздорлар учун электрга тўлов қилиш чекланади
07:45 / 08.10.2025