11:52 / 04.04.2020
45885

Карантинга олинган оилалар, бозордаги нарх-наво — Яккабоғдаги бугунги вазият

COVID-2019 вирусининг кенг ёйилиши ва мамлакатимизга ҳам кириб келиши оқибатида давлат миқёсида карантин эълон қилиниб барча янгича ҳаёт тарзида яшамоқда. Ушбу янгича ҳолатда жойлардаги аҳвол қандай: бозорлардаги нархлар, вирус тарқалишига қарши кўрилаётган чоралар, карантинга олинган оилалар? Шу каби саволларга жавоб олиш мақсадида Kun.uz мухбири Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманидаги вазиятни ўрганди.

Бошқа ҳудудларда бўлгани сингари бу ерда ҳам озиқ-овқат маҳсулотлари, мева ва сабзавотларга бўлган талаб ошган. Шундай ҳолатда буни бир синов сифатида қабул қилгувчи ҳам, ундан “фойдаланиб қолгувчилар” ҳам учрайди.

Яккабоғ шаҳри деҳқон бозори ҳудудида сотилаётган мева-сабзавотлар нархи бошқа жойлардаги каби бироз ошганини кўриш мумкин. Булар ичида энг талабгир маҳсулотлардан бири ун ҳисобланади.

Бозор атрофидаги ун дўконларида Қозоғистон биринчи навли унининг бир қопи (50 кг) 190-200 минг сўмдан сотилмоқда. Афсуски, бу туманда ун ишлаб чиқарувчи завод жойлашган бўлишига қарамай, дўконларда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган ун топилмайди.

Шу бўйича туман ДСҚ бошлиғи Аслиддин Рустамовдан изоҳ сўраганимизда тадбиркорлар томонидан ун маҳсулотлари етказиб берилиши биржа савдолари билан боғлиқлигини, туман учун кунлик 60 тонна ун лимити қўйилганини айтди. Шунингдек, аҳолига ун сотиш жараёнида катта навбатлар юзага келаётгани сабаб энди ун навбат асосида маҳалла ва қишлоқларга олиб бориб белгиланган 138-140 минг сўм миқдорда сотиш йўлга қўйилишини қўшимча қилди.

Яккабоғ туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Олмурод Тиловов ушбу тартиб бўйича изоҳ бериб ўтди.

«Ўтган куни катта навбат ва тирбандликлар юз берди, охири вазиятга ички ишлар ходимлари ҳам аралашишига тўғри келди. Шаҳар атрофидаги маҳаллалар тўлиқ дея олмайману, лекин маълум миқдорда ун ғамлаб олди. Менга етказишлари бўйича бир маҳалладаги фуқаро хонадонида 17 қоп ун бор экан. Танқислик кучлигига сабаблардан бири кимнидир уйида 17 қоплаб ун бўлса, кимдадир эса бир қоп ҳам йўқ.

Аҳолининг ваҳимага тушиши талабнинг сунъий ошишига ҳам олиб келяпти. Ҳам аҳоли тўпланиши олдини олиш, ҳам юқоридаги ҳолатлар олдини олиш учун маҳалла раислари билан телефон орқали гаплашдик ва унни маҳаллаларда сотишни йўлга қўйдик», дейди Олмурод Тиловов.

Маълумки, аҳоли ўртасида энг талабгир сабзавотлардан бири картошка бўлиб, бозорда сараланганига қараб 1 килоси 4-6.5 минг сўмдан сотилмоқда. Сабзи 1500, карам 2500, пиёз 2500-3500, аланга навли гуруч сифатига қараб 4 мингдан 8 минг сўмгача, лазер гуручи эса 11-13 минг, мевалардан олма 10 мингдан 18 минг сўмгача, анор 15 минг сўмдан сотилаётганини кўриш мумкин. Гўшт учун махсус расталар ҳам ташкил этилиб мол гўшти 48, қўй гўшти 53 минг сотилмоқда

Вирусдан ҳимояланиш учун ишлатиладиган тиббий ниқоблар, антисептик воситалар ҳар бир дорихонада ва бир хил нархда топилмаса-да мавжуд. Тиббий ниқобларни 1.5-2 мингдан 2.5-3.5 минг сўмгача сотилмоқда.

161 оила карантинга олинган

Чет элдан келган фуқароларни ўз уйларида карантинга олингани ҳақида маълумотни аниқлаштириш учун туман тиббиёт бирлашмасида ташкил этилган COVID-2019 вирусига қарши курашиш штабида бўлдик. Карантинга олиш ва тугатиш тартиблари ҳақида маълумот берилди.

«Асосан чет элдан келган фуқароларни оила аъзолари билан 14 кунлик карантинга оляпмиз. Бу буйруқ асосида, ички ишлар бўлими томонидан берилган рўйхат асосида амалга оширилмоқда. Бундан ташқари маҳаллалар билан ҳамкорликда, уларнинг хабари асосида ҳам баъзи оилалар карантинга олинди. Хонадон аҳлларига вирус ҳақида маълумот бериб, 14 кун мобайнида ташқарига чиқмасликни тушунтиряпмиз.

Ҳар бир оилага битта патронаж ҳамшира бириктирилган, улар эрталаб ва кечқурун хонадонга бориб оила аъзоларининг ҳароратини ўлчаб, соғлиғини текширади. Агар шу 14 ичида касаллик аниқланса, туман марказий шифохонасидаги коронавирусга қарши курашиш штабига мурожаат қилади. Хонадон аҳллари уйдан чиқиб кетмаслиги учун Миллий гвардия ҳам назорат қилиб турибди.

Карантин даврида касаллик аломатлари аниқланмаса, буни вилоят штабига хабар қиламиз ва яна 10 кун давомида тиббий назоратга оламиз. Шундан сўнг уларга карантиндан ва тиббий назоратдан чиққанлиги тўғрисида маълумотнома (бланка) берамиз.

Жами 161 оилада 553 киши карантинга олинган эди, ҳозирда 11 хонадон қолди. Карантиндан чиққан 150 хонадон вакилларида касаллик аниқланмади, ҳозирда тиббий назоратга олинди», дея маълумот берди туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори О.Бобоқулова.

«Уларга карантин даврида озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш жудаям яхши бўлмаса-да олиб бориб берилди. Ҳомийлар томонидан ёрдам кўрсатилди ва бу давом этяпти, баъзи оилалар ёрдамни рад этиб олмади», деди ҳоким ўринбосари.

Йигитали Маҳмудов, Kun.uz мухбири.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top