Ўзбекистон | 08:57 / 09.01.2023
20821
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда Nexia-2 уриб юборганда ҳалок бўлган тўрт киши бир оила аъзолари экани маълум бўлди

Kun.uz’нинг аниқлашича, Nexia-2 ота-она ва унинг икки фарзандини улар пиёдалар йўлакчасидан ўтаётганда уриб юборган

Аввалроқ, Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманида Nexia-2 машинаси йўлни кесиб ўтаётган тўрт кишини уриб юборгани ва улар ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилганди.

Ҳодиса 2023 йил 3 январ куни соат 18:20 ларда М-39 “Тошкент-Термиз” халқаро автомобил йўлининг Яккабоғ тумани “Мевазор” МФЙ ҳудудидан ўтган 1 139-километрида содир бўлганди.

Kun.uz манбасига кўра, ҳалок бўлганлар бир оила аъзолари – ота-она ва унинг икки нафар фарзанди бўлган. Nexia-2 уларни пиёдалар йўлакчасидан ўтишаётганда уриб юборган.

Оқибатда, Яккабоғ тумани “Наврўз” МФЙда яшовчи эр хотин ва уларнинг икки нафар фарзанди оғир тан жароҳатлари олиб, ҳалок бўлган.

Мазкур ҳолат юзасидан Яккабоғ туман ИИБ тергов бўлими томонидан ҳайдовчига нисбатан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган.

4 кишининг ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчи Жиноят процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланиб, унга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид