Навбатдаги қонли “қирғин”. 4 киши – бир оиланинг барча аъзолари ўлимига сабаб бўлган ҳодиса жойидан репортаж
Яккабоғ туманида Nexia-2 машинаси йўлни кесиб ўтаётган тўрт кишини уриб юбориши оқибатида улар ҳалок бўлди. Маълум бўлишича, ҳайдовчининг атиги бир йиллик тажрибаси бўлган ва у Тошкент-Қашқадарё йўналишида одам ташиш билан шуғулланган.
Kun.uz мухбири Яккабоғ туманида бўлиб, воқеа тафсилотларини ўрганди.
Воқеа 2023 йилнинг 3 январ куни 18:20 ларда М-39 “Тошкент-Термиз” халқаро автомобил йўлининг Яккабоғ тумани “Мевазор” МФЙ ҳудудида содир бўлган.
Мевазор маҳалласи раиси Илҳом Эрраҳматовнинг айтишича, ЙТҲ оқибатида ҳалок бўлган оила бошлиғи шу маҳаллада туғилган. У қариндошлариникига аёли ва икки нафар ёш боласи билан меҳмонга келган. ЙТҲ содир бўлган нуқтада пиёдалар ҳаракатланиши учун махсус йўл белгилари ўрнатилган бўлиб, эр-хотин икки фарзандини кўтариб ўтаётган бўлган. Йўл ўртасида уларни Тошкент йўналишидан келаётган Nexia-2 машинаси уриб юборган ва оила аъзоларининг барчаси ҳалок бўлган.
Воқеадан уч кун ўтиб ушбу нуқтага светофор ўрнатилган.
Мудҳиш ЙТҲ оқибатида бирор вакили омон қолмаган ёш оиланинг қариндошлари оғир тушкунликда бўлгани сабабли уларни безовта қилмасликни лозим топдик.
Қашқадарё вилояти ИИБ ЖХХ ЙҲХБ ахборот хизмати раҳбари Мансур Эгамбердиевга кўра ҳайдовчи қамоққа олинган. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳайдовчи 1998 йилда туғилган бўлиб, у ҳайдовчилик гувоҳномасини 2021 йилнинг декабр ойида олган. Унинг ҳайдовчилик тажрибаси атиги бир йилни ташкил қилиб, Тошкент-Қашқадарё йўналишида одам ташиш билан шуғулланиб келган.
Исомиддин Пўлатов, Kun.uz мухбири
Тасвирчи ва монтаж устаси: Жаҳонгир Алибоев.
Мавзуга оид
15:28
Светофорнинг қизил чироғида ҳаракатланган Malibu пиёдани уриб юборишига оз қолди
20:04 / 21.11.2024
Отасининг ёнига кўмилган қизалоқлар: опа-сингил маст “пойгачи”нинг қурбони бўлди
11:28 / 21.11.2024
Фарғонада содир бўлган ЙТҲда вояга етмаган қиз ҳалок бўлди
16:02 / 20.11.2024