Иқтисодиёт | 19:50 / 07.04.2020
2066
2 дақиқада ўқилади

Visa кичик бизнесни қўллаб-қувватлашга 200 миллион доллар ажратади

Visa Foundation дунё бўйлаб кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш учун жами 200 миллион доллар миқдоридаги дастур йўлга қўйилгани ҳақида эълон қилди. Маблағнинг учдан бир қисми аёл тадбиркорларга ёрдам сифатида ажратилади.

Дастур кичик ва микробизнесни қўллаб-қувватлайдиган нодавлат-нотижорат ташкилот учун 200 миллион долларлик ёрдамни ўз ичига олади. Ёрдам маблағининг 60 миллион долларга яқини бизнес эгалари бўлган аёлларни қўллаб-қувватловчи грантлардир. Шунингдек, Visa Foundation кичик ва микробизнесга кўмак берувчи инвестицион ҳамкорларга 140 миллион доллар ажратади. 

«Маҳаллий бизнес билан ишлайдиган глобал компания сифатида ёрдам зарур эканини тушуняпмиз. Иқтисодиётнинг узоқ муддатда қайта тикланишига ёрдам берамиз ва иқтисодий фаолликни тезлаштириш йўлларини излашда давом этамиз», дея тушунтирди Visa бош директори Эл Келли.

Visa хабарида кичик ва микробизнес жаҳон иқтисодиётининг асоси экани, дунё бўйлаб корхоналарнинг 90 фоиздан ортиғи ва аҳоли бандлигининг 50-60 фоизи айнан унинг улушига тўғри келиши таъкидланган.

Аввалроқ фақат айрим ғарб мамлакатлари ҳукуматларигина кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш ҳақидаги кенг миқёсли чора-тадбироар ҳақида маълум қилган эди. АҚШда коронавирус туфайли фаолияти тўхтаб қолган тадбиркорларга ҳукумат 350 млрд доллар ажратишга қарор қилди. Дональд Трамп ажратилган маблағ етмаса, яна кўпроқ пул берилишини маълум қилди. Буюк Британияда ҳукумат бизнесга ўз ходимлари маоши учун харажатларнинг 80 фоизини, Данияда эса 90 фоизи қоплаб беради.

Гулзода Иброҳимова
Тайёрлаган Гулзода Иброҳимова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш