Фан-техника | 18:00 / 08.04.2020
15704
4 дақиқада ўқилади

«Ўзкомназорат» Zoom иловасидан фойдаланишда эҳтиёт бўлишга чақирди

Сўнгги вақтларда Zoom видеочатининг фойдаланувчилари кўпайди. Оммалашиб бораётган бу дастур ўзбекистонлик интернет фойдаланувчилари орасида ҳам машҳур бўлиб улгурди.

Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси Zoom иловасидан фойдаланишда эҳтиёт бўлишга чақирди.

«Карантин вақтида ижтимоий тармоқларда фаоллашув кузатилмоқда. Бундай вақтда нафақат интернет фойдаланувчиси бўлган фуқаролар, балки давлат органларида, хўжалик юритувчи субектларда фаолият олиб бораётган ҳамда масофадан ишлашга ўтган ходимлар, уларнинг раҳбарияти, АКТ йўналишидаги масъуллар ҳам ҳушёр бўлиши талаб этилади.

Карантин вақтида Zoom дастури оммалашди. Унинг ўзига хослиги шундаки, мессенжер битта платформада барча коммуникация хизматларини тақдим эта олади. Компания карантин сабаб барча пулли сервисларни бепул қилди. Бироқ киберхавфсизлик бўйича мутахассислар иловани ишлатиш шахсга доир маълумотлар ўғирланиши ва улардан жиноий мақсадларда фойдаланиш мумкинлигини билдирмоқда.

Масалан, Checkpoint Research компанияси Zoom’ни юклаб олиш учун қалбаки сайтлар ва иловалар яратилгани ҳақида маълум қилган. Уларни юклаб олиш оқибатида фойдаланувчиларнинг банк ҳисоб рақамлари ҳақидаги маълумотлар ўғирланади. Эпидемия бошланганидан бери номида Zoom сўзи иштирок этган 1700та домен рўйхатга олинган. Уларнинг 70таси ўтган ҳафтада рўйхатга олингани ва умумий доменлар сонининг чорак қисми ўта шубҳали эканлиги айтилмоқда.

Шунингдек, тармоқ орқали фойдаланувчиларнинг онлайн суҳбатлари ҳужумга учраши, чатларга порнография, зарарли файллар тарқатилиши мумкин. Энг ёмони ушбу янги мессенжер орқали шахсга доир маълумотлар, электрон маблағлар, фото, видеофайллар ва яна бошқа ахборотлар ошкор этилиши хавфи юқори», дейилади инспекция хабарида.

Инспекция Zoom иловасидан бутунлай фойдаланмасликни сўрамаган, шунчаки бу номдаги сохта иловалардан огоҳлантириб баъзи тавсиялар ҳам берган. Масалан, видеоконференция амалга ошираётганда ишончли парол қўллаш, конференция тарзидаги мулоқот вақтида админ томонидан чеклов ўрнатиш, чатларга бегоналарни киритмаслик.

«Ўзкомназорат» давлат инспекцияси фурсатдан фойдаланиб ижтимоий тармоқлар ва мессенжерлардан фойдаланишда қуйидаги тавсияларни тақдим этган:

  1. Шахсий маълумотлар, электрон почта пароли, телефон рақами, пластик карта рақами ва бошқа ахборотларни ошкор этмаслик;
  2. Шубҳали ботлар, турли каналлар ҳамда фирибгарлар томонидан очилган бошқа манбаларга ишонмаслик;
  3. Масофадан ишлашга ўтган давлат органлари ёки хўжалик юритувчи субектлар ходимлари ахборотлар билан ишлашда тегишли тартиб ва қоидаларга амал қилиш, ахборот хавфсизлиги меъёрларига риоя қилиш;
  4. Электрон ҳужжат алмашинуви учун ишлатиладиган дастурий таъминотлардан фойдаланишда, электрон почталар орқали маълумот юбориш, уларни қабул қилишда ахборот хавфсизлиги қоидаларига амал қилиш;
  5. Уйдан туриб масофадан ишлаётган ходимларга ўз корхонаси ёки муассасасидаги АКТ мутахассиси белгилаган қоидаларга бўйсуниш;
  6. Ўзи ва бошқа ҳамкасблари билан иш бўйича ёзишмаларда шахсий электрон почтадан фойдаланмаслик;
  7. Онлайн режимда ишлаш, видеоконференцалоқа тарзидаги мулоқотлар учун ишончли пароллардан фойдаланиш;
  8. Компютерда иложи борича ишончли дастурий маҳсулотларни ишлатиш;
  9. Бегона ҳаволаларга кирмаслик;
  10. Ишончсиз манбалардан файллар юкламаслик, маълумот алмашинувида архивлаштирилган ҳамда шифрланган файллардан фойдаланиш, шунингдек муҳим ахборотларнинг захира нусхасини олиб қўйиш тавсия қилинади.

Мавзуга оид