Ўзбекистон | 08:42 / 19.02.2022
3700
3 дақиқада ўқилади

АОКАнинг айрим ваколатлари «Ўзкомназорат»га берилади

Президентнинг “2022-2025 йилларда Ўзбекистонда интеллектуал мулк соҳасини ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони лойиҳаси эълон қилинди

2022-2025 йилларда Ўзбекистонда интеллектуал мулк соҳасини ривожлантириш стратегияси тасдиқланади.

Белгиланишича, “Интеллектуал мулкнинг самарали ҳуқуқий муҳофазасидан – кучли ҳуқуқий ҳимояси сари” тамойили асосида интеллектуал мулкни жамият ва давлатнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётини ривожлантирувчи асосий драйверга айлантириш орқали Янги Ўзбекистонни илмий-техникавий ва ихтирочилик жиҳатдан тараққий этган давлатлар сирасига киритиш ҳамда минтақавий брендларни ҳудудларни ҳар томонлама ривожлантирувчи восита сифатида юзага чиқариш стратегиянинг бош мақсади ҳисобланади.

Стратегияда белгиланган устувор вазифаларнинг самарали ижросини таъминлаш учун жамиятда интеллектуал мулкка ҳурмат ҳиссини янада ошириш ва ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олиш бўйича профилактика тадбирлари ўтказилишини кучайтириш мақсадга мувофиқ деб топилади ҳамда қуйидаги давлат органларига интеллектуал мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича қўшимча функциялар юклатилади:

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигига – дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникани давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнида дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникага доир техник жиҳатдан тартибга солиш ҳамда интеллектуал мулк соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига қатъий риоя этилишини таъминлаш;

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигига – ўз ваколатлари доирасида маҳсулотларни сертификатлаштириш, мувофиқлик сертификатлари ва белгиларини беришда интеллектуал мулк соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларига риоя этилишини назорат қилиш.

Контрафакт маҳсулотларнинг республикага кириб келиши ва эркин муомаласи олдини олиш мақсадида Давлат божхона қўмитаси таркибида Интеллектуал мулк объекти ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими ташкил этилган.

Шундай тартиб ўрнатиладики, унга кўра интеллектуал мулк объекти ҳуқуқ эгаларининг ҳуқуқларини божхона органлари орқали ҳимоя қилишда мавжуд бўлган ортиқча бюрократик тўсиқлар соҳани рақамлаштириш орқали тўлиқ бекор қилинади.

Бунда, 2022 йил 1 июнга қадар реестрга интеллектуал мулк объектлари тўғрисидаги маълумотларни киритиш бўйича аризани ва ушбу ариза бўйича қабул қилинган қарорни “Ягона дарча” божхона ахборот тизими орқали онлайн равишда электрон тарзда юбориш ва қабул қилиш тартиби йўлга қўйилади.

Интернетда муаллиф, ижодкор ва бошқа ҳуқуқ эгаларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилиш мақсадида президент администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг фонограммалар ва аудиовизуал асарларни тарқатишда (сотиш, ижарага бериш ва барчанинг эътиборига етказишда) муаллифлик ҳуқуқлари соҳасидаги қонунчиликка ва норматив ҳужжатларга риоя қилиш устидан давлат назоратини амалга ошириш бўйича ваколатлари Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекциясига берилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид