Жаҳон | 08:19 / 11.04.2020
13168
2 дақиқада ўқилади

Трамп АҚШда коронавирус қурбонлари тахмин қилингандан анча камроқ бўлишини айтди

АҚШ президенти Дональд Трамп АҚШда коронавирус қурбонлари аввал тахмин қилинган 100 минг кишидан анча камроқ бўлишини айтди.

Фото: Evan Vucci/AP

Бу ҳақда Fox News телеканали хабар берди.

Оқ уй мутахассислари аввалроқ АҚШда чекловларга амал қилинса, коронавирусдан ўлим даражаси 100 мингдан 240 минг нафаргачани ташкил қилиши мумкинлигини прогноз қилишган.

“Фикримча, ўлим даражаси бу рақамлардан анча пастроқ бўлади. Бу мусибат ва азоб-уқубат ичида бунинг аломатларини аниқ кўрмоқдамиз. Бу кўп жиҳатдан ҳаётларни сақлаб қолиш бўйича олиб бораётган кескин сиёсатимиз билан боғланган”, деб айтган Трамп матбуот анжуманида.

АҚШ президенти касалланиш даражаси юқори бўлган штатларда коронавирусга чалиниш ҳолатлари камаётганини таъкидлаб ўтган. Бундан ташқари, бутун мамлакат бўйлаб янги касалланиш ҳолатлари сони камаймоқда ва бу унинг фикрича, мамлакат касалланишнинг энг юқори даражасига яқинлашаётганини англатади.  

Охирги маълумотларга кўра, АҚШда коронавирусга чалинганлар 500 мингдан ошди, вафот этганлар 18747 нафарни ташкил қилмоқда. Ўлим даражаси Нью-Йорк шаҳри, Нью-Йорк ва Нью-Жерси штатларида юқори бўлиб қолмоқда. АҚШ ўлим даражаси бўйича Италиядан (18849 ўлим) кейин 2-ўринни, касалланганлар сони бўйича эса 1-ўринни эгалламоқда.

АҚШда охирги суткада коронавирусдан биринчи марта 2 мингдан кўпроқ одам вафот этди. Мамлакатда ўлим ҳолатлари сони ошиб бормоқда. 

Мавзуга оид