00:39 / 13.04.2020
26699

«Мен билан ҳар қандай ҳолат рўй бериши мумкин эди» – Борис Жонсон шифокорлар унинг ҳаётини сақлаб қолганини айтди

Коронавирусга чалингани туфайли бир муддат шифохонада даволаниб чиққан Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон уйига қайтган куни – 12 апрелда видеомурожаат билан чиқди.

«Хайрли кун. Бир ҳафта ўтиб, бугун касалхонадан чиқдим. Шу бир ҳафта давомида шифокорлар шак-шубҳасиз ҳаётимни сақлаб қолишди. Уларнинг олдида қарздор эканимни сўз билан ифодалаб беришим қийин», – деди Жонсон Twitter орқали йўллаган видеомурожаатида.

У, шунингдек, қироллик халқига карантин қоидаларига сабр билан риоя этаётгани учун ташаккур изҳор қилган. Бош вазир мамлакатда коронавирусга қарши кўрилаётган чораларни «миллий кураш» дея атаб, Британия бундан олдин ҳам кўплаб қийинчиликларни енгиб ўтганини таъкидлаган.

«Соғлиқни сақлаш тизими қанчалик катта босим остида эканига охирги 7 кун давомида гувоҳи бўлдим», деган Жонсон янги зеландиялик Женни ва португалиялик Луис исмли ҳамшира ва тиббий биродарига алоҳида миннатдорчилик билдирган. Унинг айтишича, бу икки ходим у интенсив терапияда бўлган 48 соат давомида мунтазам унинг ёнида бўлиб туришган, бу вақтда эса «ҳар қанақа ҳолат рўй бериши мумкин эди».

Жонсон ҳали тўла соғайиб кетганича йўқ. У Даунинг Стритдаги резиденциясида даволанишда давом этади.

Эслатиб ўтамиз, Буюк Британия ҳукумати раҳбарига 26 март куни коронавирус ташхиси қўйилган. Орадан ўн кун ўтиб ҳам касаллик аломатлари ўтиб кетмагач, 5 апрелда касалхонага ётқизилган, шу куни аҳволи ёмонлашиб интенсив терапия бўлимига ўтказилганди. 10 апрелда оддий палатага ўтказилган бош вазирга 12 апрель куни уйига жавоб берилди.

Буюк Британияда коронавирусдан зарарланиш ҳолатлари сони 85 мингга яқинлашмоқда. Қурбонлар сони 10 мингдан ошди. Тузалганлар эса бор йўғи 350 нафарга яқин.

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Top