Буюк Бритаания ва Хитой охирги йилларда кўчиб кетган ва мамлакатдан чиқиб кетиши мумкин бўлган миллионерлар сони бўйича дунёда етакчи ҳисобланади. Бу ҳақда бадавлат одамларга кўчиб ўтишда ёрдам қилувчи Henley & Partners компаниясининг ҳисоботида келтирилган.
Ҳисоботга кўра, 2024 йил охиригача Буюк Британияни 9500 нафар миллионер тарк этади. Бу бутун 2023 йилдаги кўрсаткичдан икки баравар кўп.
Экспертларнинг таъкидлашича, ўнлаб йиллар давомида бадавлат одамларни ўзига жалб этиб келган мамлакат Европа Иттифоқи (Brexit) билан алоқани узганидан сўнг миллионерларини йўқота бошлаган. Хусусан, 2017-2023 йилларда Британияни 16 500 нафар миллионер тарк этган.
Лондон менежмент институти раҳбари ва ҳисобот муаллифларидан бири Ханна Уайт бу тенденцияга бир қанча омиллар таъсир қилаётганини келтириб ўтди. Улар орасида Brexit, энергетика инқирози, Украинадаги уруш ва инфляциянинг ошиши кабилар бор.
Ҳозирда Британияда сайловлар ўтказилишига тайёргарлик кўриляпти. Мазкур сайловларда бойларга солиқни ошириш тарафдори бўлган мухолифатдаги Лейбористлар партияси ҳукмрон Консерваторлар партиясидан 20 баллга устун келиши мумкин, деб ёзади Bloomberg.
«Иқтисодий ва сиёсий контекстдан келиб чиққан ҳолда бой шахсларнинг чиқиб кетиши сайловолди қарорлар туфайли тезлашяпти», деди Уайт.
H&P ҳисоботига кўра, бой одамларнинг мамлакатдан чиқиб кетиши бўйича мутлақ етакчи Хитой ҳисобланади. 2024 йилда мамлакатни 15 200 нафар миллионер тарк этиши кутиляпти.
Ўтган йили ҳам Хитой бу борада биринчи ўринни эгаллаганди. 2023 йилда мамлакатни 13 800 нафар миллионер тарк этган. Мутахассислар бу ҳолатга пандемиядан жуда секин тикланишда давом этаётган Хитой иқтисодиётидаги ноаниқликлар, шунингдек, АҚШ ва бошқа Ғарб давлатлари билан геосиёсий кескинликнинг ортиб бораётгани сабаб бўлган, деб ҳисоблайди. Буларнинг барчаси бой хитойликларни тобора кўпроқ бошқа мамлакатлар – АҚШ, Канада ёки Сингапурга кўчиб ўтишга ундамоқда.
2024 йилда энг кўп миллионер чиқиб кетиши мумкин бўлган мамлакатлар бешлигига Ҳиндистон (4300 киши), Жанубий Корея (1200 киши) ва Россия (1000 киши) ҳам кирган.

Украина билан уруш бошланганидан кейин бадавлат кишиларнинг Россиядан чиқиб кетиши тезлашганди. Агар 2022 йилда 8500 нафар миллионер, 2023 йилда эса 2800 нафар миллионер мамлакатдан чиқиб кетган бўлса, бу йил 1000 нафарга яқин миллионернинг Россияни тарк этиши кутиляпти.
















