Жаҳон | 19:28 / 14.04.2020
7344
2 дақиқада ўқилади

Чернобиль ҳудудидаги ёнғин ўчирилди

Чернобиль Атом Электр Станциясининг тақиқ ҳудудидаги ёнғин ўчирилди.

Аммо ўт ўчирувчиларга чўғларнинг алангаланишини олдини олиш учун яна бир неча кун керак, деб хабар берди Украина президенти Владимир Зеленский сайти.

13 апрель куни кучли шамол туфайли вазият оғирлашган ва ёнғинни назорат қилиш мураккаблашган эди. Оловни ўчириш учун жуда кўп техника ва ички таркиб аъзолари жалб қилинди. Натижада, оловнинг ҳарбий ўқ-дорилар омборларига, «Укритие» ва «Вектор» иншоотларига, тақсимловчи электростанцияга ва радиоактив чиқиндилар омборига ўтиб кетишига йўл қўйилмади.

Ёнғиннинг ўчирилгани ҳақида Украина давлат экология инспекцияси раҳбари вазифасини бажарувчи Егор Фирсов ҳам эълон қилди. «Қисқача айтадиган бўлсак, ёнғин ўчирилди, ёмғир ҳам ёрдам берди. Радиация фони доимий тарзда ўлчанмоқда, аммо биздаги маълумотлар ҳаммаси меъёрда эканини кўрсатяпти», деб ёзди мулозим «фейсбук» саҳифасида.

Эслатиб ўтамиз, Чернобилнинг тақиқ ҳудудидаги ёнғин 4 апрель куни бошланган эди. Фавқулодда ҳолат марказида радиация фони кўтарилгани ҳақида ҳам хабар берилганди.

Мавзуга оид