13:18 / 17.04.2020
6304

Ҳисоб палатаси яратилган иш ўринлари тўғрисидаги маълумотлар ҳаққонийлигини жойларга чиқиб ўрганмагани айтилди

Ҳисоб палатаси томонидан 2019 йилда давлат буюртмаси ижроси юзасидан яратилган иш ўринлари тўғрисидаги маълумотларнинг ҳаққонийлигини жойларга чиқиб ўрганилмаганлиги ҳамда уларнинг натижаси бўйича ҳар чоракда Олий Мажлиси палаталарига ахборот киритилмаганлиги депутатларнинг эътирозига сабаб бўлди

Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасининг видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган мажлисида Ҳисоб палатасининг 2019 йилги ҳисоботи кўриб чиқилди.

Парламент сайтида хабар қилинишича, ҳисобот йилида бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилиши юзасидан 21 та ташкилот ва корхоналар бўйича назорат тадбирлари ўтказилиб, 1074,4 млрд. сўмлик молиявий камчиликлар, мақсадсиз ва самарасиз харажатлар аниқланган. Жумладан, Соғлиқни сақлаш вазирлигида дори воситаларининг хариди қонунийлиги бўйича ўтказилган текширишда 218 млрд. сўмлик молиявий хато ва камчиликлар аниқланган. Бундан ташқари, дори воситалари ва тиббиёт жиҳозларининг қиммат нархларда сотиб олиниши натижасида 104 млрд. сўм бюджет маблағлари ортиқча сарфланганлиги аниқланган.

Ҳисоб палатаси томонидан 2019 йилда давлат буюртмаси ижроси юзасидан яратилган иш ўринлари тўғрисидаги маълумотларнинг ҳаққонийлигини жойларга чиқиб ўрганилмаганлиги ҳамда уларнинг натижаси бўйича ҳар чоракда Олий Мажлиси палаталарига ахборот киритилмаганлиги депутатларнинг эътирозига сабаб бўлди.

Йиғилишда ҳудудларда бюджет даромадларини кўпайтириш ва захираларини излаш ҳамда мавжуд дастакларни ишга солиш ўрнига Давлат бюджетидан берилган маблағларни мақсадсиз ва самарасиз сарф қилинишига йўл қўйилаётгани, ҳудудий мутасаддиларнинг ушбу муҳим масалага эътиборсизлик қилаётгани ва бошқа камчиликлар депутатлар томонидан танқид қилинди.

Қўмита аъзолари томонидан бюджет тизими бюджетларига маблағлар ва бошқа бюджетдан ташқари жамғармаларга маблағлар тушумининг тўлиқлигини ўрганиш ва назорат қилишда Ҳисоб палатаси томонидан аниқланган захира ва қўшимча манбалар бўйича ҳисоботларнинг алоҳида юритилиши, шунингдек давлат аудитини ўтказишда стратегик ёндашув методологиясини ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш, масалан БМТнинг Барқарор ривожлантириш мақсадлари бўйича Ўзбекистонда қабул қилинган дастурнинг бажарилиши устидан давлат аудитини тажриба тариқасида ўтказилиши тавсия қилинди, дейилади маълумотда.

Top