8,3 млрд сўмлик ноқонуний харажатлар бюджетга ундирилди — Ҳисоб палатаси
2024 йилнинг 1-чорагида Ҳисоб палатаси ўтказган назорат тадбирларида 8,3 млрд сўмлик ноқонуний харажатлар бюджетга ундирилди. Палата давлат ташқи қарзи ҳисобидан амалга оширилаётган лойиҳаларда юзага келиши мумкин бўлган хавфларни ҳам ўрганган.
Жорий йил 1-чорагида Ҳисоб палатаси томонидан бюджет маблағлари ноқонуний сарфланишининг олдини олиш мақсадида 14 та назорат тадбири ўтказилди, 15 та йўналишда таҳлиллар тайёрланди. Бу ҳақда 19 апрел куни АОКАдаги брифингда палата масъул ходими Сардор Усмонов маълум қилди.
“Давлат маблағлари ноқонуний сарфланишига сабаб бўлаётган омилларни барвақт аниқлаш ва уларни бартараф этиш, давлат дастурлари ижросини таҳлил қилиш, уларнинг самарадорлиги ва натижадорлигига асосий эътибор қаратилди. Назорат тадбирларида 8,3 млрд сўмлик ноқонуний харажатларнинг бюджетга ундирилиши таъминланди. Давлат бюджетига 140 млрд сўм қўшимча даромад манбалари аниқланди”, дейди Сардор Усмонов.
Шунингдек, 2021-2023 йилларда давлат буюртмачиларига товарлар етказиб берилиши ва улар бўйича электрон ҳисоб фактураларнинг расмийлаштирилиши ҳамда ушбу операцияларнинг солиқ ҳисоботларида тўлиқ акс эттирилиши назорат тартибида ўрганилган. Таҳлилларга кўра, давлат бюджетининг ғазна ижросини қамраб олган бюджет буюртмачилари томонидан 2021-2023 йилларда жами 3,3 млн шартномалар асосида 203,5 трлн сўмлик харидлар амалга оширилган.
“Харидлар таркибига кўра, қурилиш – 66 трлн сўм, таъмирлаш – 44 трлн сўм, асосий воситалар хариди – 18 трлн сўм, коммунал хизматлар – 20 трлн сўм, бошқа товар ва хизматлар хариди 54 трлн сўмни ташкил қилган. Ўрганишларда давлат бюджети маблағлари ҳисобига харид қилинган товарлар айланмасининг айрим таъминотчи корхоналар солиқ ҳисоботида камайтириб кўрсатилгани натижасида 1,8 трлн сўмлик солиқлар бўйича рисклар аниқланган. Ушбу камчиликларни бартараф этиш бўйича ижрочиларга кўрсатмалар тақдим этилди.
Ғазначилик ва солиқ қўмитасининг ахборот хизматлари ўзаро электрон маълумотлар алмашинувини таъминлаши юзасидан аниқ кўрсатмалар юборилди”, дейди палата масъули.
2022-2023 йилларда республиканинг 5 та ҳудудида давлат буюртмачилари томонидан тўғридан тўғри тузилган шартномалар асосида амалга оширилган харидларнинг қонунийлиги ўрганилди. Таҳлилларда рақобатли усулларни четлаб ўтиб тўғридан тўғри шартномалар тузиш, манфаатлар тўқнашувига йўл қўйиш, харид шартномаларини экспертизадан ўтказмаслик ва юқори вақтларда харидларни амалга ошириш ҳолатлари аниқланган. Хато ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан чоралар кўрилган.
“Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан Тошкент шаҳридаги 7 та тиббиёт муассасасида қисқа муддатли ўрганишлар ўтказилди. 16 та йўналишда аҳолини қийнайдиган 119 турдаги муаммолар аниқланиб уларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.
Давлат ташқи қарзи ҳисобидан амалга оширилаётган лойиҳаларда техник иқтисодий асосларда кўзда тутилган кўрсаткичларга эришиш юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги, “Ўзсувтаъминот” АЖ ҳамда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси фаолияти ўрганилди, ўрганишлар натижаси бўйича эътибор қаратиш керак бўлган йўналишлар ҳамда юзага келиши мумкин бўлган хавф-хатарларнинг олдини олиш юзасидан 15 та аниқ таклифлар берилди”, дея қўшимча қилди Ҳисоб палатаси вакили Сардор Усмонов.
Аввалроқ, 2023 йилда бюджетдан ажратилган субсидиялар миқдори кескин ошгани хабар қилинганди.
Мавзуга оид
19:22 / 05.12.2024
2024 йил учун ташқи қарз лимити 5 млрд доллардан 7,3 млрд долларга оширилган
17:43 / 05.12.2024
Ҳукумат қонундан ташқари 10 трлн сўм харажат қилган. Депутатлар 9 дақиқада бу харажатларни қонунга киритиб берди
20:54 / 26.11.2024
Давлат бюджетининг 9 ойлик ижроси. Дефицит – 36 трлн сўм
18:33 / 26.11.2024