10:17 / 17.04.2020
26807

«Ишчиларнинг ҳимояси борасида қўшимча кафолатлар зарур» – Cotton Campaign Ўзбекистоннинг пахта учун бойкотни бекор қилиш сўровига жавоб қайтарди

Сotton Campaign халқаро коалицияси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусановнинг мамлакатда ишлаб чиқарилган пахтадан фойдаланиш учун бойкотни олиб ташлаш ҳақидаги мурожаатига рад жавобини берди.

Жавоб хатида айтилишича, Cotton Campaign коалицияси «2019 йилда 100 мингдан ортиқ киши мажбурий меҳнат билан банд бўлгани ва брендларга ишчиларнинг ҳимояси борасида қўшимча кафолатлар зарур» эканини маълум қилди.

Cotton Campaign коалицияси Ўзбекистон томонидан мажбурий меҳнатга барҳам бериш борасидаги ютуқларни тан олиши ва улардан илҳомланишини қайд этган. Бироқ бойкотни олиб ташлаш учун зарурий шартлардан бўлган фуқаролик жамияти ҳуқуқ ва эркинликларини кенгайтириш, жумладан, мустақил ННТни рўйхатдан ўтказиш ва ишчиларнинг мустақил ташкилоти учун имкониятлар яратиш борасида ортда қолинаётгани билдирилган.

Хатда айтилишича, январь ойи охирида Тошкент шаҳрида вазир Ҳусанов ва бошқа юқори мартабали давлат амалдорлари билан учрашувларда коалиция мажбурий меҳнатга барҳам берилмагунча Ўзбекистондан пахта сотиб олмаслик ҳақидаги 305та жаҳон брендлари ва чакана савдогарлар томонидан қўллаб-қувватланган мажбуриятини қайта кўриб чиқишини тасдиқлаган.

Cotton Campaign мажбурий меҳнатга барҳам бериш борасида Ўзбекистон ҳукумати билан конструктив ҳамкорлик давом этишини кутиб қолишини таъкидлаган.

Аввалроқ Ўзбекистон томони коронавирус оқибатларини юмшатиш учун текстил маҳсулотларига бойкотни олиб ташлашни сўрагани ҳақида хабар берилганди

Top