Никоҳни онлайн расмийлаштириш мумкин эмас — ҳуқуқшунос изоҳи
Ижтимоий тармоқларда «Ўзбекистонда интернет орқали ЗАГСдан ўтиш мумкин бўлди» сарлавҳали асоссиз хабар кенг тарқалмоқда.
Хабарда Давлат хизматлари агентлиги никоҳни қайд этиш учун ФҲДЁга электрон ариза намунасини my.gov.uz порталида тақдим этгани маълумот ўрнида келтирилади.
Мазкур янгилик фуқароларда эндиликда никоҳни ФҲДЁ бўлимига бормасдан туриб ҳам расмийлаштириш мумкин, деган нотўғри тушунча пайдо бўлишига сабаб бўлмоқда.
Шуни айтиш керакки, юқоридаги ҳаволада Ягона интерактив давлат хизматлари порталида никоҳни қайд этиш учун ФҲДЁ органига электрон ариза топшириш имконияти келтирилган холос. «ЗАГС»дан интернет орқали ўтиш мумкин бўлгани ҳақидаги маълумотга эса ҳеч қандай манба келтирилмаган.
Оила кодексининг 13-моддасида никоҳ фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида тузилиши, шунингдек никоҳ тузиш никоҳланувчиларнинг фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларига ариза берганларидан кейин, шахсан уларнинг иштирокида амалга оширилиши белгилаб қўйилган.
Оила кодексининг 14-моддасига биноан, никоҳ тузиш ихтиёрий ҳисобланади ҳамда никоҳ тузиш учун бўлажак эр-хотин ўз розилигини эркин ифода этиш қобилиятига эга бўлиши керак.
Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 14 ноябрдаги 387-сон қарори билан тасдиқланган Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш қоидаларининг 87-бандига кўра, никоҳни қайд этиш фақат никоҳланувчи шахсларнинг иштирокида амалга оширилади.
ФҲДЁ органлари никоҳланувчи шахсларнинг тиббий кўрикдан ўтганлигига ҳамда ушбу текширувларнинг натижалари тўғрисида уларнинг хабардор эканига ишонч ҳосил қилиши керак. Никоҳнинг ишончнома бўйича ёки вакил орқали, шунингдек тиббий текширувдан ўтганлиги тўғрисида маълумотнома бўлмаганда қайд этилишига йўл қўйилмайди.
Мазкур Қоидаларнинг 88-бандида эса никоҳланувчилардан бири бетоблиги сабабли ФҲДЁ органига кела олмайдиган истисно ҳолларда никоҳ тузилганлиги шифохонада, уйда ёки бошқа тегишли жойда, никоҳланувчи иккала шахснинг иштирокида қайд қилинади. Бундан кўриниб турибдики, ҳатто никоҳланувчилардан бирининг бетоблиги сабабли ФҲДЁ органига кела олмаслиги ҳам никоҳланувчилардан бирининг иштирокисиз никоҳни қайд этишга асос бўла олмайди.
Бундан ташқари, 91-бандга кўра, никоҳ тузилганлиги қайд қилинаётганда эр ва хотиннинг паспортларига ёки шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжатларига штамп қўйилади ва никоҳнинг тузилган вақти ва жойи, далолатнома ёзуви рақами, эр (хотин)нинг фамилияси, исми ва отасининг исми, туғилган йили ёзиб қўйилади. Интернет орқали никоҳ тузилиши мумкин бўладиган тақдирда эса бунинг имкони бўлмайди.
Хулоса қилиб айтганда, «Ўзбекистонда интернет орқали ЗАГСдан ўтиш мумкин бўлди» мазмунидаги хабар қонунчиликда ўз аксини топмаган ва шу туфайли асоссиз ҳисобланади, чунки никоҳни қайд этиш ҳар қандай ҳолатда ҳам фақат никоҳланувчи шахсларнинг иштирокида амалга оширилади.
Аббос Салайдинов,
ҳуқуқшунос.
Мавзуга оид
19:03
"16 ёшли" аёлнинг 1 яшар эгизак фарзанди. Эрта никоҳни тарғиб қилганлар огоҳлантирилди
17:32 / 07.11.2024
Хитойда янги оила қуриш ҳолатлари рекорд даражада камайиб кетди
14:09 / 02.11.2024
Хитойдаги шаҳарда келин 35 ёшдан кичик бўлса, никоҳдан ўтишда ҳукумат томонидан пул тўланади
08:10 / 29.10.2024