Ўзбекистон | 16:05 / 22.04.2020
3573
3 дақиқада ўқилади

1 январгача ҳарбий ҳисоб ҳужжатлари рақамлаштирилади

2021 йил 1 январга қадар ҳарбий ҳисоб ҳужжатларини автоматлаштириш мақсадида картотека маълумотларини жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамига боғлаган ҳолда рақамлаштирилади.

«Доимий прописка қилиш ҳамда турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартибини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонга кўра, «Манзил» тизимининг «ягона дарча» тамойили асосида тўлиқ ишлашини таъминлаш мақсадида Мудофаа вазирлигига қуйидагилар юклатилган:

– 2020 йил 1 августга қадар Ўзбекистон фуқароларини онлайн тарзда ҳарбий ҳисобга олиш ва ҳисобдан чиқариш тизимини жорий қилиш;

2021 йил 1 январга қадар ҳарбий ҳисоб ҳужжатларини автоматлаштириш мақсадида картотека маълумотларини жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамига боғлаган ҳолда рақамлаштириш.

«Автоматлаштирилган ахборот тизими ва маълумотлар базаси» автоматлаштирилган ахборот тизимини Ички ишлар вазирлиги ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази билан биргаликда «Манзил» ва «Хорижга чиқиш паспорти» ахборот тизимлари билан интеграция қилинади.

Фармонга мувофиқ, Мудофаа вазирлиги ҳарбий ҳисоб ҳужжатларини, ҳарбий хизматга мажбур фуқаролар тўғрисидаги маълумотларни ҳудудий мудофаа ишлари бўлимларига реал вақт режимида электрон тизим орқали юбориш учун Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази маълумотлар базаси билан идоралараро электрон ҳамкорликни йўлга қўйиши белгиланган.

Ҳужжатда қайд этилишича, Адлия вазирлиги Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда 2020 йил 1 августга қадар «Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларининг ягона электрон архиви» ахборот тизимини «Манзил» тизимига интеграция қилади.

Бир қатор давлат органларига турли ҳужжатларнинг электрон базасини яратиш ва уларни «Манзил» тизимига интеграция қилиш вазифаси юклатилган. Жумладан:

– Халқ таълими вазирлиги 2020 йил 1 сентябрга қадар вояга етмаганларни туғилганлик ҳақида гувоҳномаси маълумотларига ҳамда вояга етганларни жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамига боғлаган ҳолда васийлик ва ҳомийликни тасдиқловчи ҳужжатларнинг электрон базасини яратади ва уни Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда «Манзил» тизимига интеграция қилади;

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплексини Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда «Манзил» тизимига интеграция қилади;

 Давлат солиқ қўмитаси Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда ҳисобга олинган ижара шартномалари бўйича ижарачи ва уй эгасининг жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами ҳамда кўчмас мулкнинг кадастр рақами тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиш мақсадида «Солиқ» ахборот тизимлари комплексини «Манзил» тизимига интеграция қилади.

Жамшид Ниёзов
Тайёрлаган Жамшид Ниёзов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид