12:31 / 23.04.2020
12916

ППХ машинасидаги туғруқ шифокорлар томонидан амалга оширилган. ИИББ хабарида муболаға қилингани маълум бўлди

Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати томонидан 22 апрель куни «ППХ машинасида чақалоқ дунёга келгани» ҳақидаги хабарда «кўпиртириб» юборилгани, ППХ машинасидаги туғруқ шифокорлар томонидан амалга оширилгани маълум бўлди.

9-туғруқ комплекси акушери (доя) Феруза Иззатуллаевна Касимова таҳририят билан боғланиб, Kun.uz сайтидаги ППХ машинасида чақалоқ дунёга келгани ҳақидаги хабар юзасидан ўз эътирозларини билдирди.

Доя Ф.Касимова ППХ ходимларининг тўлғоқ тутиб турган аёлни кўриб қолиб, ўз машиналарида шифохонага олиб келишгани таҳсинга сазоворлигини эътироф этади. Шу билан биргаликда, Тошкент шаҳар ИИББ расмий сайти орқали тарқатилган хабардаги қуйидаги маълумот ҳақиқатга мос келмаслигини билдиради: «Шу онда сафдор С.Мурадов ва Б.Тошпулатов малака ошириш дарсларида биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш соатлари қўшилгани учун шукур қилдилар. Тез орада ППХ машинасида янги инсон дунёга келди. Ёш она ва гўдак шифокорларга топширилди».

У ушбу гап ҳақиқатга мос келмаслиги, пировардида бу ўқувчида туғруқ ИИБ ходимлари томонидан қабул қилинган, деган нотўғри таассурот уйғонишига сабаб бўлганини айтмоқда.

Унинг таъкидлашича, аслида воқеа ИИБ хабарида таъкидланганидек бўлмаган. Туғруқ жараёни ППХнинг хизмат автомашинасининг ичида амалга оширилган бўлса-да, 9-туғруқ комплекси ҳовлисида, қабул бўлими эшиги олдида, санитария-тиббий нормаларга риоя қилинган ҳолда, малакали шифокорлар (доя) гуруҳи томонидан амалга оширилган. Дунёга келган чақалоқ ва унинг онаси зудлик билан белгиланган тартибда туғруқдан кейинги муолажалар бўлимига етказилган. Туғруқ вақтида ППХ ходимлари хизмат машинасидан узоқда, шифохона дарвозаси олдида бўлишган ва улар туғруқ жараёнига аралашишмаган.

Top