21:01 / 25.04.2020
75820

Давлат ташқи қарзи нега ошмоқда? Молия вазири ўринбосари билан суҳбат

Kun.uz пандемия ва инқироз даврида давлат ташқи қарзи динамикаси ҳамда бюджет масалалари бўйича молия вазири ўринбосари Одилбек Исоқов билан суҳбат уюштирди.

–  Рамазон ойи бошланди, сизни мана шу қутлуғ ой билан муборакбод этамиз. 

–  Сизларга ҳам, сиз орқали кўрсатув мухлисларига ҳам Рамазон муборак, деб қоламан.

–  Барчамизга маълумки, ташқи қарз икки хил бўлади: давлатнинг ташқи қарзлари ва хусусий ташқи қарзимиз бўлади. Бугунги кунда давлат ташқи қарзи бирмунча ўсган: 2020 йилни бошига нисбатан ҳисоблайдиган бўлсак, ташқи қарз ялпи ички маҳсулотнинг 30 фоизи ҳажмига тенг. Мана шу ўсишлар ниманинг ҳисобига бўлмоқда ва келгусида давлат ташқи қарзининг ўсиши қайси омилларга кўра кутилмоқда?

–  Жудаям яхши ва долзарб савол, Алишер. Мени назаримда бу ҳақда олдин ҳам кўп гапирилган. Авваламбор, давлат ташқи қарзи ўсиш омиллари ҳақда тўхталиб ўтсак. Мана, молия вазирлиги томонидан мунтазам равишда давлат ташқи қарзининг ҳолати ҳақда ҳисоботлар тақдим этилиб бормоқда. Куни кеча давлат қарзининг 2019 йилги ҳолати тўғрисида шарҳ чоп этилди. Бу ҳозир молия вазирлигининг веб саҳифасида ҳам бор ва телеграмм саҳифаларда ҳам бор.

1 январь ҳолатига кўра, давлатнинг ташқи қарзи 15,6 миллиард долларни ташкил қилади. Бу қарз нафақат давлатнинг тўғридан тўғри олаётган қарзи, балки, шу билан бирга давлат томонидан ташқи қарз учун берилаётган кафолатларни ҳам ўз ичига олади.

Энди, бу қарзнинг ўсиш сабаблари нималардан иборат? Мана Президентимиз бошчилигида олиб борилаётган ислоҳотлар, модернизация, янги ишлаб чиқариш қувватларини қуриш, янгидан янги инфраструктура лойиҳаларини амалга ошириш туфайли ҳозирги кунда мана шу лойиҳаларнинг асосий қисми давлат ташқи қарзи орқали молиялаштириляпти.

Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, шу вақтгача олинган давлат қарзининг 29 фоизи энергетика соҳасига кетган, бу 4,5 миллард АҚШ долларини ташкил қилади.

Иккинчиси, транспорт ва транспорт инфратузилмасини яхшилашга кетган, яъни 2,1 миллиард АҚШ доллари, кейингиси қишлоқ хўжалиги соҳаларига 1,9 миллард АҚШ доллар йўналтирилган. Яна агар рўйхатни давом эттирадиган бўлсак, уй-жой, коммунал хизмат кўрсатишга 1,8 миллард АШҚ доллари шу вақтгача сарфланди. Бу нима? Бу асосан, сув, ичимлик суви, канализация, чекка чекка қишлоқ жойлардаги ҳудудларда аҳволни яхшилаш, турмуш тарзини яхшилаш каби лойиҳаларга кредитлар олиняпти.

Таълим ва соғлиқни сақлаш учун шу вақтгача 600 миллион АҚШ доллари миқдоридаги кредитлар жалб қилинган.

Одилбек Исоқов
Фото: Молия вазирлиги ахборот хизмати

Бир нарсани айтиб ўтиш керакки, кўп мамлакатлар ўзининг бюджет дефицитини қоплаш учун қарз жалб қилган бўлса, бизда асосан манашу инвестицион лойиҳаларни молиялаштириш учун қарз жалб қилиняпти.

Тўғри, бюджет дефицитини қоплаш учун ҳам бу йил қарз оляпмиз. Сабаби, пандемия туфайли бюджет даромадлари кескин тушиб кетяпти, харажатлар эса ошиб кетяпти. Лекин умуман олганда бошқа мамлакатлардан фарқимиз — биз олган кредитлар аксарияти, бир доллар кредит олинган бўлса бир доллардан кўпроқ даромад берадиган, ўзини ўзи қоплайдиган лойиҳаларга сарфланяпти. 

–  Одилбек ака, ҳозир мана ўзингиз ҳам таъкидлаб ўтяпсиз, пандемия туфайли бюджетга ҳам жуда катта зиён етказиляпти. Бутун дунёда бу кузатилаётган ҳолат. Чунки пандемия туфайли одамлар мажбурий карантинда ўтирибди. Чеклов чоралари таъсирида талаб ҳам таклиф ҳам тушиб борган, солиқ тушумлари йўқ ва бюджетда тушумлар пасайган. Эндиликда давлат, ҳукумат сиёсати шундай бўлдики, инқирозга қарши кураш жамғармаси ташкил этилган. Бу жамғарма ҳам давлат ташқи қарзи ҳисобига асосан шакллантирилиши белгиланган. Бу тўғрисида агар гаплашадиган бўлсак, келгусида давлат ташқи қарзи яна ошишини кутишимиз мумкин, шундайми?

–  Жуда тўғри фикр билдирдингиз, яъни, инқирозга қарши жамғарма 10 триллион сўмлик жамғармани молиялаштириш манбалари этиб ташқи қарз белгиланган, лекин шу вақтгача биз 2,1 триллион сўм атрофида бу жамғармага пул ўтказган бўлсак, бу асосан Молия вазирлигининг фискал захираларидан кетди, десам тўғрироқ бўлади.

Бир қисми дивидентлардан ташкил топди, қолганлари олдин жалб қилинган кредитлар ҳисобига биз 1 миллиард доллардан ошиқ фискал захиралар тўплаган эдик. Президентимизнинг 22 апрель куни қарори ҳам чиқди. Бу қарорга мувофиқ бюджетни қўллаб-қувватлаш учун кредитлар жалб қилиняпти ва бу кредитларнинг ҳаммаси инқирозга қарши курашиш жамғармасига жалб қилинмайди. Балки, айримлари бюджетнинг бошқа тўловларига ҳам жалб қилинади.

Ўзиз айтганингиздек, бюджет тушумлари мана шу пандемия туфайли, карантин туфайли ва бошқа сабабларга кўра, импортнинг камайиши, туристлар оқимининг камайиши бюджет даромадларига таъсир қиляпти. Масалан, агар рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, пандемиядан олдин, февраль ойи харажатлар прогнозининг апрел ойи прогнози орасида 1,8 триллион сўм фарқ бор.

Шу туфайли албатта бу нарса давлатнинг ўзини мажбуриятларини бажариш, авваламбор, аҳолимизни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ойликларни вақтида етказиб бериш, пенсияларни вақтида етказиб бериш ва шу каби бошқа мажбуриятлар учун албатта биз маблағ жалб қиляпмиз ва бу маблағлар шу мақсадда ишлатилади. 

Молия вазири ўринбосари Одилбек Исоқов билан ташкил этилган суҳбатда пасайиб бораётган мамлакат ялпи ички маҳсулоти ҳажми ҳамда ортиб бораётган давлат ташқи қарзи динамикаси, ўзлаштирилган қарз маблағларининг самарали сарфланиши ҳақида мулоҳазалар билдирилган. 

Интервьюни тўлиқ шаклда Youtube орқали томоша қилишингиз мумкин. 

Алишер Рўзиохунов

Top