14:31 / 27.04.2020
44371

Бюджет ташкилоти ходимларига карантин давридаги меҳнат таътили учун компенсация берилиши мумкин

Давлат бюджети асосида молиялаштириладиган бюджет ташкилоти ходимларига коронавирус пандемияси даврида ҳақ тўланмайдиган меҳнат таътилига чиққани учун компенсация ҳисобланиши мумкин.

Фото: KUN.UZ

Бу ҳақида Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Ҳабибулла Оқиловга асосланиб, Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, бу тўғрисида Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори лойиҳаси ишлаб чиқилган.

“Ушбу қарорда бюджет ташкилотларининг пандемия даврида ҳақ тўланмайдиган меҳнат таътилига чиққан ходимларига компенсация тўлаш масаласи кўзда тутилган. Компенсация тариф ставкаси фоизидан келиб чиққан ҳолда ҳар 30 календар куни учун белгиланади”, деди Ҳабибулла Оқилов 27 апрел куни ўтказилган брифингда.

Брифинг давомида карантин даврида эмлаш муолажаларни ўтказиш тартиби хусусида ҳам маълумот берилди. Билдирилишича, поликлиникаларда хавфсиз эмланиш учун барча шароитлар мавжуд.

“Агар бола айни вақтда соғ бўлса, эмлаш графигини бузишга зарурат йўқ. Карантингача бир ой мобайнида 1-2 эмлаш кунлари бўлган бўлса, ҳозирги кунда поликлиникаларда одамлар тўпланишининг олдини олиш ва ўз вақтида дезинфекция муолажаларини ўтказиш учун деярли ҳар куни эмланиш мумкин. Кутиб қолмаслик учун олдиндан телефон орқали эмлашга ёзилиб қўйиш тўғри бўлади”, дея таъкидлаб ўтди Ҳабибулла Оқилов.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top