“Болам 65 кун комада ётди” – Док-1 Макс ишида фарзанди ногирон бўлиб қолган жабрланувчининг кўрсатмаси тингланди
Док-1 Макс сиропи истеъмолидан сўнг гапиришдан ва ҳаракатдан қолган ҳамда биринчи гуруҳ ногиронига айланган 5 ёшли боланинг отаси судда фарзандини тўлиқ даволатиш учун 3 млрд сўм компенсация сўрашини маълум қилди.

Док-1 Макс иши бўйича 12 январ куни ўтказилган суд мажлисида “Док-1 Макс” сиропи сабабли ногирон бўлиб қолган 5 ёшли боланинг отаси Феруз Нуритдинов кўрсатмаси тингланди. Жабрланувчининг маълум қилишича, ўғли 2022 йилнинг 21 декабр кунидан 2023 йилнинг 23 феврал кунига қадар шифохонада кома ҳолатида ётган.
«Фарзандим боғчага борарди, соғлом эди, бирор бир жиддий касаллик билан оғримаганди. 2022 йил декабр ойи бошларида фарзандимизга бироз шамоллагани учун 3-4 кун шу доридан ичиргандик. Болам нима еса, ҳатто сув ичса ҳам қайт қила бошлади. Клиникага олиб бордик, фойдаси бўлмади, эртасига ҳам шу аҳвол, фақат қорни оғриётганидан шикоят қилаверди.
Кейин Нукусдаги юқумли касалликлар шифохонасига олиб бордик. Текширишиб, боланинг икки буйраги ҳам ишламаяпти, Тошкентга олиб боринг, дейишди. Ўша куниёқ самолётда Тошкентга учиб келдик.
Болалар тиббиёт марказига бордик. Шу заҳоти диализ олишни бошлашди. Аҳволи жуда оғирлашиб, худди инсульт олган инсонга ўхшаб қолганди. Диализлардан сўнг секин-секин пешоб чиқара бошлади. 21 декабр куни кома ҳолатига тушиб қолди ва шу билан 23 феврал куни ўзига келди. Шифокорлар мияда сув йиғилаётгани учун комадан чиқолмаяпти, дея бошини операция қилишди. Шундан сўнг кўзини очди.
Ўғлим комадан чиққач энди туғилган чақалоқдек бўлиб қолди: ҳеч нарсани тушунмайди, гапирса англамайди. Шифокорлар бу касалхонада кўп қолмасин, бошқа касаллик юқтириб олиш хавфи бор, дейишди. Кейин олиб чиқдик. Невропатологга кўрсатдик, тушунарли қилиб айтганда «бош мия процессори куйган» дейишди.
Болам ҳозир ҳам гапирмайди, юрмайди, даволашлар натижасида бироз эмаклай бошлади. Бир йилдан бери овозини эшитгим келади», дея кўрсатма берди Феруз Нуритдинов.
Жабрланувчига кўра, у бугунгача боласини даволатиш учун уйини сотиб ҳамда яқинларидан қарз кўтариб, 35 минг АҚШ долларидан ортиқ харажат қилган. У судда фарзандини тўлиқ даволатиш учун 3 млрд сўм компенсация сўради.
Док-1 Макс иши бўйича навбатдаги суд мажлиси 17 январ куни ўтказилади.
Олдинроқ Док-1 Макс сиропидан камида 16 нафар бола оғир жароҳатлангани, қурбонлар сони ошгани хабар қилинганди.
Тавсия этамиз
Зеленскийдан мамнун, Россия зарбаларидан ҳафсаласи пир бўлган. Трампнинг охирги баёнотларидан асосий гаплар
Жаҳон | 16:21 / 28.04.2025
Туркиялик эркак операциядан кейин она тилини унутиб, бошқа тилда гапиришни бошлади
Жаҳон | 19:42 / 27.04.2025
Ҳаво исиб кетиши ва қурғоқчиликка тайёр туришимиз керак – Эркин Абдулаҳатов
Ўзбекистон | 15:55 / 26.04.2025
Муддат қўювчи Трамп: бунинг охири борми?
Жаҳон | 22:09 / 24.04.2025
Мавзуга оид

16:38 / 10.04.2025
Ҳарбий хизматчиларга турар жой ижараси учун тўланадиган компенсация миқдори оширилди

14:59 / 10.04.2025
Тошкентда касб касалига чалиниб, меҳнат ҳуқуқлари бузилган ўқитувчига 337 млн сўм ундириб берилди

11:30 / 12.03.2025
Японияда давлат хизматчилари ишга беш дақиқа олдин келишга мажбурлангани учун 67 минг доллар компенсация олди

11:49 / 01.03.2025