Кўплаб иш берувчилар ходимларига ҳар йили куз мавсумида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини харид қилиш учун моддий ёрдам, яъни “картошка пули” тақдим қилади. Ушбу моддий ёрдам пули кимларга, қандай тартибда ва қайси ҳуқуқий асосларга кўра берилади? Ҳуқуқшунос Муҳаммадамин Каримжонов Xabar.uz’нинг ушбу масалага доир саволларига жавоб қайтарди.  

Меҳнат кодексида иш берувчига ходимларга мазкур турдаги моддий ёрдамни тақдим қилиши ҳақида тўғридан тўғри мажбурият юкланмаган. Фақатгина, айрим давлат ташкилотлари ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлашга оид қонунчилик ҳужжатларида ходимларга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сотиб олиш учун моддий ёрдам ажратиш ҳақида алоҳида ҳолатлар белгилаб ўтилган.

Масалан, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 январдаги 12-сон қарорига илова «Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш тартиби тўғрисида»ги Низомнинг 13-бандида, 2017 йил 4 декабрдаги 963-сон қарорига 2-илова «Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ва унинг тизимига кирувчи ташкилотлар ходимларини моддий рағбатлантириш шартлари ва тартиби тўғрисида»ги Низомнинг 11-бандида ҳамда 2017 йил 22 июндаги 409-сон қарорига илова «Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш тартиби тўғрисида»ги Низомнинг 14, 18-3-бандларида, шунингдек, Президентнинг 2017 йил 15 июндаги ПҚ-3060-сон қарорига 4-илова «Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ходимларини моддий рағбатлантириш тартиби тўғрисида»ги Низомнинг 2-бандида ва бошқа қонунчилик ҳужжатларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиб олиш учун моддий ёрдам белгиланган.

Қонунчилик ҳужжатларида «картошка пули» назарда тутилмаган ходимларга ушбу моддий ёрдам қандай тартибда берилади?

Меҳнат кодексининг 13-моддасига кўра, меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда ходимлар учун меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда белгиланганига нисбатан қўшимча ҳуқуқлар ва кафолатлар назарда тутилиши мумкин. Меҳнат кодексининг 12-моддасига кўра, меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар қуйидагилардан иборат:

  • жамоа келишувлари;
  • жамоа шартномалари;
  • иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси билан келишувга кўра қабул қилинадиган ички ҳужжатлар;
  • ички ҳужжатлар, шу жумладан иш берувчи ўз ваколатлари доирасида якка ўзи қабул қиладиган якка тартибдаги ҳуқуқий ҳужжатлар.