18:56 / 28.04.2020
22660

Бухородаги кучли шамол оқибатида жароҳатланганлар сони 41 кишини ташкил қилмоқда

Бухоро вилоятида кучли шамол жами 5293 та, жумладан 3 та маданий мерос, 12 та тиббиёт муассасаси, 62 мактаб, 43 та болалар боғчаси ва бошқа объектларга зарар етказди. Ҳодисадан 41 киши жароҳатланди, бир киши ҳаётдан кўз юмди.

Фото: Telegram / @davletovuz

Бухорода 28 апрелга ўтар кечаси кузатилган кучли шамол оқибатида 41 нафар киши тан жароҳати олган. Бу ҳақда Бухоро вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси маълумотида келтирилган.

«Шундан, 32 нафарига енгил, 7 нафарига ўрта ва 1 нафар фуқарога оғир тан жароҳати етди», дейилади Бухоро вилояти ҳокимлиги ахборотида.

Енгил ва оғир тан жароҳати етган 8 нафар фуқаро тиббиёт муассасасига ётқизилган. 32 нафарига биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, уйга жавоб берилди.

  • Дастлабки хабарларда ҳодиса оқибатида камида 30 киши жароҳатлангани ва бир киши вафот этгани айтилганди.

Шунингдек, етказилган талофатни ўрганиш ҳамда уларни бартараф этиш бўйича тезкор вилоят штаби тақдим қилинган дастлабки маълумотларга кўра, вилоят бўйича жами 5293 та объектнинг 378 минг 238 кв.метр том қисмида шифер қопламалари, 1630 кв.метр бино ва деворлари, 15415 дона эшик ва деразаларига шикаст етди. Жумладан:

  • 12та соғлиқни сақлаш объектида 7260 кв.метр том қисмининг шифер қопламалари, 320 кв.метр бино ва деворлари, 190 дона эшик ва деразаларига;
  • 52та умумтаълим мактабларининг 10 минг 400 кв.метр том қисмининг шифер қопламаси, 92 дона эшик ва ромлари;
  • 43та мактабгача таълим объектларининг 2 минг 647 кв.метр том қисмининг шифер қопламалари, 38 дона эшик ва дераза ромлари;
  • 63та кўп қаватли уй-жойларнинг 18 минг 378 кв.метр том қисмининг шифер қопламалари, 15 дона эшик ва дераза ромлари;
  • 4800та якка тартибдаги аҳоли уй-жойларининг 336 минг кв.метр том қисмининг шифер қопламалари, 14 минг 400 дона эшик ва дераза ромлари;
  • 220та нотурар объектлар (савдо дўконлари, маъмурий бинолар в.ҳ.к)нинг 15 минг 400 кв.метр том қисмининг шифер қопламалари ва 660 дона эшик ва дераза ромлари;
  • 3та маданий мерос объектининг 420 кв.метр том қисмининг шифер қопламалари, 1 минг 200 кв.метр бино ва деворлари, 20 дона эшик ва дераза ромларига;
  • 11та спорт объектининг 2 минг 419 кв.метр том қисмининг шифер қопламалари 291 та эшик ва деразаларга талофатлар етганлиги аниқланди.

Бундан ташқари, 82 ҳолатда табиий газ таъминотида, 120 ҳолатда электр энергияси таъминотида узилиш ва авария ҳолатлари қайд қилинди. Шунингдек, 450 дона электр темир бетон таянчлари йиқилган бўлса, узилиб ерга тушган симларнинг узунлиги 51 кмни, ишдан чиққан трансформаторлар сони 25 тани ташкил этади.

Кучли шамол ва ёғингарчилик оқибатида вилоят бўйича 42 минг 400 дона йирик дарахтлар синиши ва қулаши қайд қилинди. Бинолар остида ва дарахтлар остида қўйилган юридик ва жисмоний шахсларнинг 415 та автотранспортга жиддий зиён етди.

  • Эслатиб ўтамиз, Бухоро, Навоий, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларига 28 апрелга ўтар кечаси Туркманистон ҳудудидан кириб келган кучли шамол ёпирилиб, шамолнинг тезлиги сониясига 40 метргача етгани хабар берилган эди. Натижада ҳудудларда электр ва газ таъминотида узилишлар юзага келган, улар орасида Бухоро энг катта талафот кўрганди.
Мавзу
Бухоро вилоятидаги бўрон
2020 йил 27 апрель куни кечаси Ўзбекистоннинг қатор ҳудудларида, айниқса Бухоро вилоятида кучли шамол кўплаб талафотларга сабаб бўлди
Барчаси
Top