Ўзбекистон | 12:29 / 28.04.2020
19805
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг ЕОИИга кузатувчи мақомида кириши масаласи бугун ҳал қилиниши кутилмоқда

Олий Мажлис қонунчилик палатасининг айни пайтда давом этаётган ялпи мажлисида Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзолиги масаласи кўриб чиқилмоқда.

Фото: РИА Новости

Kun.uz манбасига кўра, муҳокамалар якунида иқтисодий иттифоққа аъзолик масаласида парламент аъзоларининг охирги овоз бериш жараёни бўлиб ўтади.

Мажлис тафсилотларини Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси раҳбари Алишер Қодиров ўз телеграм канали орқали ёритиб бормоқда. Депутатга кўра, партия Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқига кузатувчи бўлиб киришига ҳам қарши. 

«Партия фракцияси иттифоққа аъзо мамлакатлар билан икки томонлама муносабатларни давом эттириш керак деб ҳисоблайди», — деб ёзади у сўнгги хабарини.

Алишер Қодировга асосланиб хулоса қилинса, Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига ўтган сўнгги сайловларда партиядан сайланган 35 нафар депутат бугун Ўзбекистоннинг ЕОИИга кузатувчи аъзолигига ҳам қарши овоз беради. Бу эса парламентда ҳозирдан 24 фоиз овоз дегани.

Маълумот учун, якуний овоз бериш натижалари бўйича қарор қабул қилиниши учун камида 50 фоиз депутатнинг овози керак бўлади.

Мавзуга оид