15:08 / 02.05.2020
12318

Самарқанд вилояти бюджетидан сардобаликларга ёрдам учун 5 миллиард сўм ажратилди

«Сардоба» сув омборидаги авария оқибатида келиб чиққан табиий офатдан жабр кўрган сирдарёликларга ёрдам бериш учун Самарқанд вилоят бюджетидан 5 миллиард сўм ажратилади. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати маълум қилган.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

«Бугун, 2 май куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг еттинчи сессияси бўлиб ўтди. Бир гуруҳ депутатлар ташаббуси билан ўтказилган сессияда Сирдарё вилоятидаги «Сардоба» сув омбори тўғонининг бир қисми ўпирилиши оқибатида юзага келган табиий офатдан талафот кўрган аҳолини қўллаб-қувватлаш масаласи кўриб чиқилди», дейилади хабарда.

Сессияда Сардоба аҳлига кўмаклашиш хайрия жамғармасига вилоят бюджетининг 2020 йил биринчи чоракдаги даромадлар режасининг ошириб бажарилган қисмидан 5 миллиард сўм пул кўчириш таклифи ўртага ташланди ва бу таклиф депутатлар томонидан маъқулланди.

«Сардобаликлар бизнинг биродарларимиз. Улар ёз мавсумида аҳолимизни полиз маҳсулотлари билан таъминлаб келишяпти. Оғир кунда елкадош бўлиш халқимизнинг ноёб қадриятларидан бири. Бу кўмакни аллақачон бошлаб юборган, ижтимоий тармоқлар орқали ва бошқа шаклларда жабрланганларга маънавий мадад бериб турган вилоятимиз аҳолисига миннатдорчилик билдираман», деб Самарқанд вилоят ҳокими Эркинжон Турдимовнинг сўзларини келтирмоқда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати.

Маълумот учун, 1 май куни Самарқанддан Сирдарёга жами 100та машинада турли хил маҳсулотлардан иборат инсонпарварлик ёрдамлари юборилганди.

Мавзу
Сардобада сув тошқини
1 май куни тонгда Сирдарё вилоятидаги «Сардоба» сув омбори дамбаси девори бузилиб, сув тошиб чиқди.
Барчаси
Top