20:49 / 03.05.2020
16604

Президент Оқолтин ва Мирзаобод туманларидаги маҳаллаларни бориб кўрди

Президент Шавкат Мирзиёев Сирдарё вилоятига сафари давомида сув тошқинидан жабрланган яна икки туманда - Оқолтин ва Мирзаобод туманларида ҳам бўлди.

Мутасадди ходимлар фавқулодда ҳодиса етказган зарар, уларни бартараф этиш бўйича кўрилаётган чоралар ҳақида ахборот берди.

Сув тошқини туманнинг «Шодлик» ва «Аҳиллик» маҳаллалари ҳудудини ҳам босган эди. Уларда яшаётган 11 мингдан зиёд аҳоли Гулистон шаҳри ҳамда Жиззах вилоятининг Мирзачўл ва Дўстлик туманларига эвакуация қилинди. Ушбу нохуш воқеа оқибатида тумандаги жами 13 минг 397 гектар пахта, ғалла ва полиз экинларига зарар етган. 

Давлат раҳбари мутасаддиларга ҳар бир хонадон эгалари билан гаплашиб, уларнинг уй-жойларини таъмирлаш, яхши шароити мавжуд хонадонларга аҳолини қайтариш бўйича кўрсатмалар берди.  

Мирзаобод туманида нуронийлар, маҳалла оқсоқоллари ва  фаоллари, жамоатчилик вакиллари билан учрашув бўлди.

Бу ҳудуд ҳам сув тошқини катта таъсир кўрсатган ҳудудлардан бири. «Навбаҳор», «Ҳақиқат», «Баҳористон» ҳамда «Йўлдошобод» маҳаллаларида яшовчи қарийб 15 минг аҳоли туманнинг «Янгиобод» маҳалласи ҳамда Янгиер шаҳрига жойлаштирилган. Жами 7084 гектар қишлоқ хўжалиги майдонига зарар етган.

Президент қурилиш-таъмирлаш ишларини халқ билан маслаҳатлашиб амалга ошириш, деҳқон ва фермерлар муаммоларини жойига чиққан ҳолда ҳал этиш зарурлигини таъкидлади.

Аҳоли вакиллари давлат раҳбарига шундай қийин вазиятда халқ билан бирга бўлгани, қисқа вақтда катта ишлар қилиниб, ҳаёт изга тушаётгани учун миннатдорлик билдирди.

Шу ерда ҳукумат аъзолари, мутасадди раҳбарлар билан қишлоқ хўжалиги майдонларини қайта фойдаланишга киритиш, шикаст етган йўл ва кўприкларни таъмирлаш масалалари муҳокама қилиниб, чора-тадбирлар белгиланди.

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкентга қайтиб келди.

Мавзу
Сардобада сув тошқини
1 май куни тонгда Сирдарё вилоятидаги «Сардоба» сув омбори дамбаси девори бузилиб, сув тошиб чиқди.
Барчаси
Top