17:28 / 04.05.2020
34051

Пандемия учун Хитойни жавобгарликка тортиш мумкинми? – Экспертлар фикри

Япония ва Жанубий Кореяда фаолият юритаётган ўзбекистонлик мутахассислар Kun.uz мухбири билан суҳбатда пандемияга сабаб бўлгани учун Хитойдан бошланган пандемиянинг ҳуқуқий оқибатлари, касалликнинг глобал ва Ўзбекистон иқтисодиётига таъсирини таҳлил қилиб беришди.

– Пандемия оқибатида юзага келаётган ҳуқуқий, сиёсий, иқтисодий инқирозларни кузатиб шу фикрга келиш мумкинки, ҳатто ривожланган давлатлар ҳам бу даражадаги эпидемияга тайёрмаслиги кўриниб қолди. АҚШ ҳам кузатилаётган статистикани ҳам олиб қарайдиган бўлсак, шу даражадаги қудратли давлатнинг соғлиқни сақлаш тизими ҳам коронавирус олдида ожиз бўлиб қолди. Бунга қайсидир маънода президент Трампнинг тийиқсиз ҳаракатлари, карантин чекловларини ўз вақтида жорий этмагани ҳам сабаб бўлиши мумкин. Шу ҳақида ҳам кўп фикрлар билдириляпти.

Айрим давлатлар, хусусан, АҚШ ва Буюк Британия аллақачон Хитойни айблашни бошлаб юборишди. Тез орада ХХРни халқаро жавобгарликка тортиш ҳақидаги иддаолар ҳам янграяпти.

Aлишер УМИРДИНОВ, Нагоя иқтисодиёт университети профессори (Япония):

– Жамшид ака, шу ўринда бир қўшимча айтмоқчиман. Covid-19 тарқалишида Хитойнинг халқаро ҳуқуқий жавобгарлиги бор ёки йўқлиги ўзим аъзо бўлган Халқаро ҳуқуқшунослар жамиятида ҳам қизғин баҳсларга сабаб бўляпти. Халқаро ҳуқуқда бир давлатни ҳуқуқий жавобгарликка торта олиш учун ўша давлат маълум бир халқаро ҳуқуқий асосларни, яъни халқаро шартнома, халқаро одат ҳуқуқи ёки халқаро умумэътироф этилган халқаро нормаларни бузган бўлиши керак. Бу ерда Хитой Covid-19 ёйилаётгани ва унинг хавфлилик масаласи бўйича қайси манба асосини бузди, қайси ҳуқуқий асосга хилоф иш қилди, деган масала бор.

Aлишер УМИРДИНОВ

Ҳуқуқий асос сифатида ЖССТ тавсияномалари бор. Уларнинг 6-7-моддаларига кўра, ҳар бир ташкилотга аъзо давлат ўзида бўлаётган муаммо ҳақида ЖССТни ўз вақтида огоҳлантириши, ташкилот ҳам бошқа дунё мамлакатларини огоҳлантириши керак. Хитой январь охиридаёқ эпидемия хабарини берди, лекин кўпгина давлатлар фикрича, Хитой бундан ҳам олдин ҳаракат қилиши мумкин эди. Масалан, ноябрь ойидаёқ миш-мишлар чиқиши бошлаган. Шунинг учун Хитой ўз вақтида ҳаракат қилдими деган асосий масала бор. БМТнинг Халқаро судига шу масала бўйича даъво қилиб бўладими? Унинг юрисдикциясини қабул қилиш учун барча давлатлар тан олиш керак. Афсуски, Хитой ҳалигача БМТнинг Халқаро суди умумий юрисдикциясини тан олмаган. Бунинг устига, Хитой Филиппин билан бўлган низоларда ҳам ҳалигача Халқаро арбитраж судлари қарорларини тан олмаган. Хитойни халқаро ҳуқуқий жавобгарликка тортиш анчайин вазиятга айланиб қоляпти.

– Айрим Ғарб нашрлари илгари сураётган вариантга кўра, Хитойни халқаро ҳуқуқ доирасида жавобгарликка тортиш масаласи ҳам утопияга ўхшаб турибди. Тегишли халқаро даражадаги ҳужжатларни ратификация қилмаган, тан олмаган бўлса, табиийки, унда жавобгарлик юзага келмайди, тўғрими?

– Худди шундай.

– Валижон, Трампнинг популистик чиқишлари ортидан навбатдаги савдо ўйинлари юзага келиши мумкинми?

Валижон ТЎРАҚУЛОВ, Инҳа Университети халқаро савдо бўйича докторанти (Жанубий Корея):

– Пандемия даврида Трампнинг ҳақиқий лидер эмаслиги кўриниб қолди. ОАВ ҳам буни ёритмоқда. Трамни бизнес вакили сифатида жуда яхши биламиз. Хитой билан муносабатларда ҳам ҳеч қандай олдиндан сигналлар бермасдан, олдиндан огоҳлантириш ҳам бермасдан тўғридан тўғри савдо уруши эълон қилди. Биз, иқтисодчилар унинг бу ҳаракатини «stupid man» дея изоҳлаймиз, яъни у нима қилишини тушуниб бўлмайди, хоҳлаган пайтда ўз қарорини ишлаб чиқиши ва татбиқ қилиб юбориши ҳам мумкин. Ҳозирги вазиятда ҳам Хитойга айблов қўйилмоқда. Ростдан ҳам Трамп карантин чекловларини қўллашни кечиктирган ва айбини бошқаларга, масалан, ЖССТга юклаяпти. Айни вақтдаги айблови Хитойга бўлмоқда. Хитой Халқаро судга берилса, янада қаттиқроқ санкциялар қўлланадиган бўлса, бу Хитой-АҚШ савдо урушини янада кучайтиради ва оқибатда бошқа ҳамкор давлатларга, жумладан, Ўзбекистонга ҳам ўз таъсирини кўрсатади.

Валижон ТЎРАҚУЛОВ

– Бекзод, мана шу касаллик тарқала бошлагандан буён турли фитна назариялари ўртага ташланмоқда. Жумладан, Трамп очиқчасига коронавирус Хитойдаги қайсидир лабораторияда яратилган биологик қурол демоқда. Бу бўйича изланишлар қилганингиздан хабардормиз. Чиндан ҳам коронавирус ўйлаб топилган қурол ҳисобланадими?

Бекзод ЗОКИРОВ: Токио Университети сиёсий иқтисодиёт бўйича докторанти (Япония):

– Бу фитна назарияси, яъни конспирология дейилади, ҳар хил вариантлари бор. Буларни 3 хил вариантга ажратсак бўлади. Биринчиси, бунда АҚШнинг «қўли бор», деган қараш. Бу Хитой ва Эрон томонидан қўйилаётган айбловлар. Бунга далил сифатида ўтган йили Уҳанда ҳарбий парад бўлган ва АҚШ унда иштирок этгани, ўша пайтда АҚШ ҳарбийлари томонидан киритилгани ҳақидаги назария. Бу ҳеч қандай асосга эга эмас. Қандайдир тахмин.

Бекзод ЗОКИРОВ

Иккинчиси, АҚШнинг тахмини. Бунда Хитойни айблайди, чунки Уҳанда чиқяпти. Бизга маълумки, Уҳанда биолаборатория мавжуд ва ундан ташқари Уҳан шундай жойки, бутун Хитой транспортини боғлаб турувчи марказий шаҳарга қиёсланади. Бу ўз-ўзидан тасодифан бўлиши мумкинмас, деган назария. Бунга Европа ва бошқа давлатлар ҳам қўшилади.

Учинчиси, Россия. Бунақа назариялар ҳам жуда кўп.

Фикримча, буларнинг ҳеч бирига ишонмаслик керак. Чунки бу назариялар муаммо илдизини топишимиздан чалғитиб қўяди ва муаммони кимгадир ағдариб, маълум одамларни масъулиятдан соқит қилиб қўяди. Трампга бу жуда қўл келади, чунки у айбини Хитойга тўнкаши осон. Уни илмий жиҳатдан ўрганиш, олдинги вирус билан боғлиқлиги қанақа деган илмий баҳслардан четда қолиб кетишимиз мумкин. Бу фитна назариясига эргашиш ва ишонишдир. Биз мана шундай дезинформация ўйинлари қурбони бўлиб қоламиз ва бу бизни илмий тарафдан танқидий ёндашишдан узоқлаштиради.

Бундан кейин шу турдаги информациялар оғушига тушиб қолаверамиз. Парданинг ортидаги вазиятни билолмай қоламиз. Илмий мақолаларда бу касаллик инсон қўли билан яратилган вирус эмаслиги исботланган. Илмий тарафдан бунга ишониш керак, лекин битта тахмин бор: вирус лабораториядан чиққан бўлиши ҳам мумкин. Лекин бу атайлаб чиқарилди, деган хулосани бермайди.

Биламизки, вакцина яратиш учун вируснинг ўзи бўлиши керак. Хавфсизлик талаблари бажарилмаган ҳолатда инсоннинг айби билан маълум сабабларга кўра вирус лабораториядан чиқиб кетган бўлиши ҳам мумкин.

Жамшид Ниёзов суҳбатлашди

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Top