Жаҳон | 11:43 / 05.05.2020
28148
7 дақиқада ўқилади

АҚШ сайловлари: Коронавирус Трампни «синдирмоқда», Байденга навбатдаги «ҳужум»

Бутун дунё коронавирус билан бўлиб йил якунида бўлиб ўтадиган жуда муҳим жараён ҳақида бироз унутгандек. АҚШда 3 ноябрь куни президентлик сайловлари ўтказилади. Бу нафақат бир мамлакат учун аҳамиятли жараён. АҚШнинг кейинги раҳбари ким бўлиши бутун дунё учун характерли. Президентлик пойгасидаги асосий икки номзоднинг ҳолатига бирров назар солсак.

ОАВда Дональд Трамп ўзининг сайловолди кампанияси раҳбарини судга бериши билан таҳдид қилгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Коронавирус пандемияси вақтида Оқ уй етакчисининг рейтинги тушиб кетди. Сўровларда Жо Байдендан ортда қолаётганини сезган Трамп аламини ўз тарғиботчисидан олмоқчи бўлаётгани тахмин қилинди.

«Мен Жо Байденга ютқазмоқчи эмасман!», дея Трамп ўз сайлов кампанияси раҳбари Брэд Парскейл билан телефон суҳбатида айтган гапларни келтирган ОАВ. Аммо Трамп ҳам, Парскейл ҳам твиттерда бу гаплар ёлғонлигини айтишган. Дарвоқе, Парксейл 2016 йилги сайловда ҳам Трампнинг сайлов кампаниясида фаолият олиб борган. Ҳозир эса Трампнинг бош тарғиботчиси ҳисобланади.

АҚШ нашрларининг ёзишича, Трамп ва унинг тарғиботчиси ўртасидаги суҳбат жума куни бўлиб ўтган. Бундан бир кун олдин эса Трамп матбуот анжуманида ҳайратланарли чиқиш қилганди. Президент коронавирусга қарши курашда ички органларни дезинфекция қилиш ва нурдан фойдаланишни таклиф қилди. Шифокорлар эса бу таклифни бемаъни деб аташди. Ўз навбатида Трамп бундай танқидларни олдиндан сезгандек фикрини изоҳлаганди: «Мен шифокор эмасман, лекин мана бу ерим яхши ишлайди», деганди у қўли билан бошига ишора қилиб.

Президент нега қизишиб кетган?

Дональд Трамп бежиз бунчалик қизишиб кетмаган. Можароли суҳбатдан аввал Трамп сайлов кампанияси аъзолари билан учрашган. Улар «уялмай-нетмай» Трампга деярли барча сўровномаларга кўра Байдендан ортда қолаётганини айтишган. Сўровномаларга кўра, чиндан Байденнинг рейтинги асосий штатларда 6 фоизгача илгарилаб кетган. Пандемия сабаб амалдаги президентнинг рейтинги тушишдан тўхтамаяпти.

2016 йилда Брэд Парскейл Трампнинг сайлов кампаниясида рақамли технологиялар бўлимига жавобгар бўлган.
GETTY IMAGES

Трампнинг рейтинги ҳар кунлик брифинглар сабабли ҳам тушиб кетаётгани айтилмоқда. Чунки уларда ҳар хил саволлар берилади. Икки соатлаб давом этадиган анжуманларда эса одам чарчаб, ноўрин гап айтиб юбориши ҳеч гап эмас. Emerson компанияси ўтказган сўровларга кўра, 39 фоиз америкаликлар Трамп пандемия вақтида тўғри ҳаракат қилмоқда деб ҳисоблаётган бўлса, 51 фоиз фуқаролар эса унинг тўғри иш тутаётганига шубҳа билдирган.

CNN’нинг хабар беришича, республикачилар партиясининг хавфсизлик кенгаши раҳбари Ронна Ромни Макдэниэл президентга брифингларда иштироки унинг обрўсига салбий таъсир кўрсатаётганини айтган ва Трампни оммавий чиқишлардан чекинишга чақирган. Аммо президент унга «Сайловчилар улар учун курашишимни билишади ва шунинг учун мени яхши кўришади», деб жавоб берган.

Трампнинг фикрича, рейтинги пастлаётганига брифинглардаги иштироки эмас, рақобатчилари билан юзма-юз кечадиган учрашувларда қатнашмаётгани сабаб бўлмоқда: «Мен бир неча ойдан буён Оқ уйдан чиқмаяпман ва имкон бўлса, ташқарига чиқиб учрашувлар ўтказардим», деган президент.

«У брифингларда ўзини ёмон тутганини билади ва шунинг учун хафа», деган CNN’га «исмини ошкор қилишни хоҳламаган» республикачилардан бири.

Трамп яна журналистлардан хафа бўлди

Яқинда АҚШнинг икки йирик нашри New York Times ҳамда Washington Post’да эълон қилинган мақола Трампнинг «журналистларга бўлган муҳаббати янада ортишига сабаб» бўлди. Ўша мақолада иддао қилинишича, президент гўёки эрталаб вақтли туради-да, етти соатлаб телевизордаги янгиликларни томоша қилади ва куннинг иккинчи ярмидагина Овал кабинетда пайдо бўлиб, қолган вақтни дўстлари, маслаҳатчилари билан телефонда гаплашиб ўтказади.

Трамп журналистларга бўлган нафратини твиттер орқали намойиш қилди. У Россия ҳақидаги (яъни, Россиянинг АҚШ сайловларига аралашгани ҳақида) уйдирмалари сабаб «Нобель мукофоти олган мухбирлар»ни танқид қилди. Президент уларга мукофотни қайтариб беришни ва у ҳақиқий мухбирларга берилиши керак эканини ёзди.

Трампнинг бу твитлари тармоқ фойдаланувчилари орасида кулгига олинди. Биринчидан, Трамп мукофотнинг номини хато ёзганди (Nobel prize эмас, Noble prize деб). Иккинчидан, Нобель мукофоти журналистларга берилмайди. Кейинчалик Трамп бу твитларини ўчириб ташлади ва уларни сарказм деб атади.

Байденни жинсий зўравонликда айблашмоқда

Бу сурат 15 март куни олинган. Ўшандан буён 77 ёшли Жо Байден эпидемия туфайли ўз уйидан чиққани йўқ.
Учрашувлар, интервьюлар ва чиқишларни у видеоалоқа орқали амалга оширмоқда / REUTERS

Трампнинг рейтинги коронавирус тарқалиши фонида пасайиб бораётган бир вақтда унинг асосий рақобатчиси Жо Байденни жинсий зўравонликда айблашмоқда. Шундоғам ўғли сабаб катта можародан боши чиқмаётган Байден яна бир бошоғриқ орттириб олди. Байденни аввал ҳам «ижтимоий масофани ёқтирмасликда» ва ёрдамчиларини тез-тез қучоқлашда айблашганди. Бир гал эса айблов жиддийроқ: Байден билан сенаторлик вақтида бирга ишлаган Тара Риднинг айтишича, Байден 1993 йилда унинг бошини айлантиришга ҳаракат қилган.

Рид хонимнинг иддаоларини унинг акаси ва дўстларидан бири тасдиқлаган. Байденнинг собиқ ҳамкасби бўлган Рид хоним ўша вақтда сенатор бўлган Байден билан ёлғиз қолганида собиқ вице-президент унга тегажоғлик қилганини айтган. Рид хонимнинг айтишича, Байден унга «бошқа ерга бориш»ни таклиф қилган. Рад жавобини олгач эса Байден «сен ҳеч кимсан» деб уни жеркиб ташлаган.

Табиийки Байден бу гапларни рад этди. Журналистлар Рид хонимдан бу воқеа содир бўлган аниқ санани сўрашганда у эслолмаслигини, аммо воқеа Сенатнинг ертўлада жойлашган биносида бўлганини айтган. Қизиғи, Тара Рид 1993 йилда содир бўлган воқеа сабаб Байден устидан Вашингтон полициясига расман арз қилган.

Хуллас, президентлик пойгасидаги асосий икки номзод ҳам рейтинг борасида ҳавас қиларли ҳолатда эмас. Албатта, президентлик учун улардан бошқа номзод пайдо бўлишини кутиш қийин. Ҳар икки номзод рейтингининг тушаётгани эса президентлик пойгаси қизишига сабаб бўлса, ажаб эмас.

Мавзуга оид