08:09 / 08.05.2020
26061

Январь-апрель ойларида пул ўтказмалари орқали республикага келиб тушган валюта ҳажми очиқланди

2020 йилнинг январь-апрель ойларида ички валюта бозоридаги ҳолат барча сегментларда хорижий валютага бўлган талаб ва таклиф ҳажмининг ўсиши шароитида шаклланди.

Фото: Morteza Nikoubazl / Zuma / TASS

Жорий йилнинг январь-апрель ойлари давомида халқаро пул ўтказмалари орқали республикага келиб тушган валюта маблағлари ҳажми 1,3 млрд.АҚШ долларини ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 161 млн.АҚШ долларига ёки 11 фоизга камайди, дейилади Марказий банк шарҳида.

Шунингдек, жорий йилнинг апрель ойи давомида халқаро пул ўтказмаларидан жами 250 млн.АҚШ доллари келиб тушиб, ушбу кўрсаткич март ойига нисбатан 15 фоизга камайди. Бунда ойнинг охирги ўн кунлигида халқаро пул ўтказмаларининг ўртача кунлик ҳажми ойнинг биринчи ва иккинчи декадаларига нисбатан 1,7 баробарга ошиши кузатилди (6,7 млн. АҚШ доллардан 11,5 млн. АҚШ долларига).

Ички валюта бозоридаги операцияларнинг умумий ҳажми 5,4 млрд.АҚШ долларини ташкил этиб, 2018 ва 2019 йилларнинг тегишли даврларига нисбатан мос равишда 1,8 ва 1,3 баробарга ўсди.

2020 йилнинг дастлабки 4 ойи давомида юридик шахсларнинг чет эл валютасига бўлган талаби ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,1 баробарга ўсиб, 4,2 млрд. АҚШ долларини ташкил этди (2019 йил январь-апрель ойлари - 3,9 млрд. АҚШ долл.).

Мазкур даврда биржадан ташқари валюта бозорида хўжалик субъектлари томонидан 1 063 млн. АҚШ доллари миқдорида чет эл валютаси сотиб олинган бўлса (2019 йил январь-апрель – 939 млн. АҚШ долл.), валюта биржасидаги операциялар ҳажми 3,1 млрд. АҚШ долларини ташкил этди (2019 йилнинг дастлабки 4 ойида – 2,8 млрд. АҚШ долл.).

Валюта бозорида чет эл валютасини сотиб олиш мақсадлари таркибида асосий улуш (63 фоизи) ишлаб чиқариш учун асбоб-ускуналар, товарлар ва хомашё импорти, 22 фоизи – халқ истеъмоли товарлари ва дори-дармон маҳсулотлари импорти, 12 фоизи – хорижий кредитларни сўндириш, 1 фоизи – хорижий инвесторлар репатриацияси ва қолган 2 фоизи – бошқа мақсадлар учун харид қилинган.

2020 йилнинг январь-апрель ойларида ички валюта бозорида чет эл валютасини харид қилган хўжалик юритувчи субъектларнинг ўртача ойлик сони 6 183 тани ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига (5 460 та) нисбатан 723 тага кўпайди.

Ҳисобот даврида жисмоний шахслар томонидан валюта айирбошлаш шохобчалари орқали сотилган чет эл валютаси миқдори 1,5 млрд. АҚШ долларини ташкил этиб, аввалги йилнинг мос даврига нисбатан 1,7 баробар ошди (2019 йилнинг дастлабки тўрт ойи - 884 млн. АҚШ долл.). Мазкур даврда жисмоний шахслар томонидан 1166 млн. АҚШ доллари сотиб олиниб, ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига (346 млн. АҚШ долл.) нисбатан 3,4 баробар ошди.

Шу билан бирга, жорий йилнинг апрель ойи сўнгги ўн кунлигида жисмоний шахслар томонидан банкларга сотилган валюта маблағларининг кунлик ўртача ҳажми биринчи ва иккинчи декадалардаги ўртача кунлик ҳажмларга нисбатан 2,5 баробар ўсиб, 9,6 млн. АҚШ долларини ташкил этди (биринчи ва иккинчи декадаларда - 3,8 млн. АҚШ доллари).

Top