Ўзбекистон | 20:02 / 13.05.2020
83333
2 дақиқада ўқилади

Президент карантин талаблари юмшатилиши давом эттирилишини маълум қилди

13 май куни Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев раислигида мамлакатда карантин талабларини ҳушёрликни оширган ҳолда янада юмшатиш, иқтисодиёт тармоқларини босқичма-босқич ишлатиш, аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Давлат раҳбари йиғилиш аввалида дунёда пандемия ҳали давом этаётгани, лекин қатор давлатлар карантин чекловларини аста-секин юмшата бошлаганини қайд этди.

– Дунё ҳамжамияти коронавирусга қарши вакцина ва даволайдиган дори воситаси ҳали топилмагани сабабли ушбу инфекция мавжуд бўлган шароитда яшаш ва ишлашга ўрганиш зарурлиги тўғрисида якуний хулосага келмоқда. Биз ҳам эпидемиологик вазият жиловини маҳкам ушлаган ҳолда, карантин талабларини юмшатишни бошлаганмиз ва буни босқичма-босқич давом эттирамиз.

Буни, энг аввало, иқтисодий фаолликни тиклаш орқали, аҳолининг ишлаши ва даромад олишини таъминлаш мақсадида амалга оширмоқдамиз.

Бу борада ўзимиздаги ҳақиқий аҳвол ва халқаро тажрибани кенг ўрганяпмиз. Дастлабки таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, қаерда ҳокимлар бутун масъулиятни ўзига олиб, чуқур ўйлаб, одамлар билан маслаҳатлашиб, иш олиб бораётган бўлса, ўша жойда яхши натижа бермоқда.

Лекин баъзи жойларда берилган эркинликни нотўғри тушуниб, аҳоли, айниқса, ёшлар ҳеч қандай заруратсиз кўчаларни тўлдириб юргани кузатилмоқда. Бундай ҳолатлар ҳамда охирги кунларда инфекция юқтирганлар сони яна ошаётгани ҳаммамизни ҳушёр бўлишга чақирмоқда.

Умуман, коронавирус хавфи йўқолганидан кейин ҳам халқимиз карантин пайтидаги айрим қоидаларни ўзининг одатий турмуш тарзига айлантириши керак. Жумладан, шахсий гигиенага қатъий амал қилиш, қўлни тез-тез совунлаб ювиш, дезинфекция қилиш, турли тўй-маросимларни жуда чекланган таркибда ўтказиш, юқумли касал бўлса маска тақиш одатий қоидага айланиши зарур.

Бир ҳақиқатни барчамиз аниқ тушуниб олишимиз шарт: пандемия шароитида биз жорий этган янги тизимнинг қанчалик самарали ишлаши фақат ва фақат ўзимизга боғлиқ, – деди Шавкат Мирзиёев.  

Мавзуга оид