09:25 / 15.05.2020
4772

Банкларда корпоратив бошқарув тўғрисидаги низом лойиҳаси эълон қилинди

Тижорат банкларида корпоратив бошқарув тўғрисидаги низом тасдиқланади.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Тижорат банкларида корпоратив бошқарув тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги ҳужжат лойиҳаси эълон қилинди.

Низомга кўра, корпоратив бошқарув деганда банк стратегик мақсадларини аниқлаш ва уларга эришиш устидан назорат қилиш учун зарур ташкилий тузилмани, шунингдек бошқарувга оид қарорлар қабул қилиш имконини таъминловчи, банк бошқарув органлари ва бошқа манфаатдор томонлар ўртасидаги муносабатлар мажмуи, шу жумладан бошқарув органларининг ваколатларини ва жавобгарлигини тақсимлаш ҳамда бошқарувга оид қарорлар қабул қилиш имконини яратиш тушунилади.

Самарали корпоратив бошқарувнинг асоси бўлиб қуйидагилар ҳисобланади:

банкнинг ички ҳужжатларида белгиланадиган ваколат ва вазифаларнинг аниқ тарзда тақсимланиши;

етарли даражадаги ҳисобдорлик;

ўзаро назорат қилиш ҳамда банк учун салбий оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган қарорлар қабул қилинишининг олдини олишни таъминловчи, банк бошқаруви органлари ва (ёки) таркибий тузилмалар ўртасидаги ваколатларнинг тақсимланиши;

ўзининг ваколатлари ва вазифаларини яхши билувчи, функционал вазифаларини бажаришда юқори даражадаги ишбилармонлик ва одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этувчи, банк кузатув кенгашининг ва ижроия органининг юқори малакали аъзолари мавжудлиги.

Кенгаш ва бошқарув аъзолари ўз фаолиятини амалга ошираётганда маънан жавобгарликни ва жонкуярликни намоён қилиши ва содиқлик билан хизмат қилиши лозим.

Маънан жавобгарлик ва жонкуярликни намоён қилиш деганда кенгаш ва бошқарув аъзоларининг ўз қарорларини онгли равишда қабул қилиш ва ўз хатти-ҳаракатлари учун жавобгарликни ҳис қилиш, ўз хизмат вазифаларини бажаришга масъулият билан ёндашиш, қарорларни ўз ваколатлари доирасида ва мавжуд маълумотларни ҳар томонлама баҳолаган ҳолда қабул қилиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари, банк устави ва банкнинг ички меъёрий ҳужжатлари талабларига риоя қилиш мажбурияти тушунилади.

Содиқлик билан хизмат қилиш деганда кенгаш ва бошқарув аъзолари ўзлари билан боғлиқ барча мавжуд ва эҳтимолий манфаатлар тўқнашувини ошкор қилиш, ўз хизмат мавқеидан шахсий манфаатлари йўлида фойдаланмаслик, шунингдек, манфаатлар тўқнашуви уларга банк манфаатлари йўлида ўз вазифаларини тўлақонли бажаришига тўсқинлик қилган тақдирда, қарор қабул қилишда қатнашмаслик мажбурияти тушунилади.

Банк кенгашининг ваколатлари доирасига Ўзбекистон Республикасининг “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги ва “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунларида белгиланган масалаларни ҳал этиш киради.

Кенгаш аъзоларидан ўз вазифаларини амалга оширишлари доирасида қуйидагилар талаб этилади:

ўзи фаолият юритаётган банк корпоратив бошқарувининг ташкилий тузилмасини, кенгашнинг функцияларини билиши, корпоратив бошқарувдаги ўзининг ролини англаши, банк фаолиятида хос бўлган таваккалчиликлар ҳақида тасаввурга эга бўлиши, шунингдек банк-молия соҳасидаги, таваккалчиликларни бошқариш ва корпоратив бошқарувни ташкил этиш борасидаги билим ва малакасини доимий равишда ошириб бориши;

банк фаолиятида фаол қатнашиши, унинг фаолиятидаги ва ташқи шароитлардаги муҳим ўзгаришларни кузатиб бориши, шунингдек узоқ муддатли истиқболда банк манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган чораларни ўз вақтида кўриши;

банкнинг корпоратив маданияти ва қадриятлари шаклланишида етакчи ўринни тутиши;

кўриб чиқилаётган масалалар юзасидан кенгашнинг бошқа аъзолари, бошқарув аъзолари ва банк ходимларининг қарашларидан қатъий назар ўзининг асосланган фикрини билдириши;

маънан жавобгарлик, жонкуярлик ва содиқлик билан қарорлар қабул қилиши, банк ва унинг барча акциядорлари манфаатларини кўзлаб, кенгаш аъзоси ўзига юклатилган вазифа ва мажбуриятларни виждонан ва оқилона амалга ошириши, ўзининг ёки айрим шахслар манфаатлари йўлида ўз ваколатларини суиистеъмол қилмаслиги;

манфаатлар тўқнашувига олиб келувчи ҳаракатлардан ўзини тийиши, шунингдек манфаатлар тўқнашуви юзага келиши ҳақида дарҳол кенгашга хабар бериши ва уни бартараф этиш юзасидан чора кўриши;

кенгаш ва унинг қўмиталари мажлисларида ўз ваколатларини учинчи шахсга ўтказмаган ҳолда иштирок этиши;

кенгаш йиғилишларида иштирок эта олмаслигига асослар (касаллик варақасидалиги, таътилдалиги, хизмат сафаридалиги ва бошқалар) ҳақида ўз вақтида маълум қилиши;

кенгашга аъзолиги чоғида ўзига маълум бўлиб қолган тижорат, банк сири ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотларнинг махфийлигига риоя этиши.

Top