Шавкат Мирзиёев «Сардоба» сув омборини қуриш нега керак бўлгани ҳақида гапирди
15 май куни президент Шавкат Мирзиёев «Сардоба» сув омборидаги техноген офатдан талафот кўрган Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида бўлиб, аҳоли билан мулоқот қилди. Давлат раҳбари сардобаликлар билан учрашувда сув омборининг ҳудуд учун аҳамияти масаласига тўхталди.
«Албатта, кимдир савол бериши мумкин: шу сув омбори керакмиди-йўқмиди? Бунақа саволлар ҳозир ҳам кўп.
Нима учун Сирдарё ва Жиззах вилоятлари ривожланишда ортда қолган? Сув бўлмагани учун. Деҳқон одам билади, пахтага 5-6 марта сув бериш керак. Нимага бошқа жойларда 40-70 центнер ҳосил олинарди-ю, бу ерда 15 центнер? Чунки икки марта ҳам сув бера олмасдик-да.
Иккинчидан, бирон марта такрорий экин эка олармидик? Сув йўқ эди-ку. Шунинг учун 2010 йилда тўғри хулосага келинган», – деди президент.
Шавкат Мирзиёев техноген офатни таҳлил этиш учун Франция, Туркия ва Россия каби мамлакатлардан дунёнинг етакчи экспертлари таклиф этилиши ва улар воқеага холисона баҳо беришини маълум қилди.
Давлат раҳбари «Сардоба» сув омборини тиклашда ундан келгусида қандай фойдаланилиши ва бундай ҳодиса такрорланмаслиги ҳисобга олинишини қайд этди.
«Сирдарё ва Жиззах вилоятларини ривожлантириш нуқтайи назаридан – чорвага ҳам, экинларга ҳам, парранда, балиқларга ҳам сув керак. Бу тўғри қарор бўлган. Лекин шундай талафот бўлди, [энди] келажакда ҳар бир қилган ишимизни янада пишиқроқ, пухтароқ, мукаммал қилишимиз керак», – деди Шавкат Мирзиёев.
Эслатиб ўтамиз, мазкур сув омборининг қурилиш ишлари 2010 йилда бошланиб, 2017 йилда якунига етказилган эди.
4 киши ҳалок бўлиб, бир киши бедарак йўқолишига сабаб бўлган фожиа юзасидан жиноят иши очилган. Тергов ҳаракатларини ДХХ органлари ўтказмоқда. Ҳозирга қадар дастлабки гумонланувчилар ёки сув омборининг бузилган 6-пикет деворини қурган қурилиш ташкилоти номи очиқлангани йўқ.
Мавзуга оид
23:37 / 06.05.2024
Сирдарёдаги мактабда ўқувчилар клип томоша қилди, синф раҳбаридан директоргача ишдан олинди
07:34 / 20.04.2024
Тадбиркорнинг 943 млн сўмлик материалларини ўзлаштирган собиқ менежер аниқланди
13:00 / 09.11.2023
Шавкат Мирзиёев яна бир бор Ғазодаги воқеаларга муносабат билдирди
11:48 / 09.11.2023