Жаҳон | 15:37 / 16.05.2020
6003
2 дақиқада ўқилади

Бразилиянинг янги тайинланган соғлиқни сақлаш вазири бир ойга бормай истеъфо берди

Жаир Болсонару 16 апрелда коронавирусга қарши курашиш стратегияси бўйича бир неча ҳафта давомида келиша олмаганидан сўнг Энрик Мандеттани истеъфога чиқарганди.

Фото: REUTERS

Бир ойча аввал Бразилия соғлиқни сақлаш вазири  этиб тайинланган Нелсон Тейш истеъфога чиқди. Бу ҳақда мамлакат оммавий ахборот воситалари хабар бермоқда.

Хабарда айтилишича, вазир истеъфога чиққани тўғрисида WhatsApp орқали маълум қилган.

Кейинги пайтда Тейш ва Бразилия президенти Жаир Болсонару ўртасида ижтимоий изоляция ва коронавирусга чалинганларни даволашда хлорохин дорисидан фойдаланиш борасида келишмовчиликлар пайдо бўлганди.

Болсонару айрим тиббий тадқиқотлар хлорохиннинг самарасизлигини кўрсатган бўлса-да, бу доридан фойдаланишни қўллаб-қувватлаганди.

Тейш соғлиқни сақлаш сақлаш вазири лавозимида бир ой ҳам ишламаган иккинчи мансабдор  бўлди.

Болсонару 16 апрелда коронавирусга қарши курашиш стратегияси бўйича бир неча ҳафта давомида келиша олмаганидан сўнг Энрик Мандеттани истеъфога чиқарганди.

Аввалроқ Жаир Болсонару эпидемияни «кичикроқ грипп» деб атаган ва штатлар губернаторларини чеклов чоралари киритгани учун танқид қилганди.

У 30 апрель куни Порту-Алегри шаҳрида генераллардан бирининг шарафига уюштирилган маросимда қатнашди. Бошқа генераллар маросим қаҳрамони билан тирсаклари орқали кўришган бир пайтда ниқобсиз Болсонару барча билан намойишкорона тарзда қўл сиқишиб кўришди.

Worldometer сайти маълумотларига кўра, Бразилияда 208 мингдан ортиқ  киши коронавирусга чалинган, 14 мингдан ортиқ киши вафот этган.

Мавзуга оид