21:32 / 18.05.2020
29674

Оқдарёлик шифокор устидан очилган жиноят иши Бош прокуратура томонидан бекор қилинди

Самарқанд вилоятида 34 кишининг Covid-19`га чалинишига сабаб бўлганликда айбланган шифокорга нисбатан вилоят ИИБ қўзғатган жиноят иши Бош прокуратура томонидан тўхтатилди.

Оқдарё тумани тиббиёт бирлашмаси бўлим мудири вазифасида ишлаган шифокор устидан жиноий иш очилгач, Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов бу қарорни асоссиз деб ҳисоблаб, Бош прокурорга мурожаат йўллаган эди.

Маълум бўлишича, Бош прокуратура ушбу жиноят ишини бекор қилган. Бу ҳақда 18 май куни ССВ Жамоатчилик билан алоқалар бўлими раҳбари Фурқат Санаев хабар қилди.

«Бугун ушбу мурожаат юзасидан Бош прокуратура томонидан жавоб хати келди. Унда қайд этилишича, Бош прокуратура мазкур жиноят иши ҳужжатларини ўрганиш жараёнида Х.Д.га нисбатан тўпланган ҳужжатлар бўйича олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатлари ҳар томонлама, синчковлик билан ўтказилмасдан, барча ҳолатлар тўлиқ текширилмасдан, шошма-шошарлик билан барвақт жиноят иши қўзғатиш тўғрисида қарор қабул қилинганини аниқлаган.

Шунга кўра, Самарқанд вилоят Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Х.Д.га нисбатан Жиноят кодексининг 257-1-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатиш ҳақидаги қарор Бош прокуратура томонидан бекор қилинган», дейилади хабарда.

Айблов

Шифокор терговга тортилгани ҳақида 13 май куни хабар қилинган эди.

Вилоят прокуратураси берган маълумотга кўра, туман тиббиёт бирлашмасида бўлим мудири вазифасида ишлаб келган Х.Д.нинг соғлигида 20 апрелдан ўзгариш бошланган: у ўзида йўтал, тана ҳароратининг 39°С гача кўтарилиши, нафас қисиши каби Covid-19 белгиларини ҳис қилгани ҳолда шу кундан уй шароитида даволана бошлаган.

«Х.Д. шифокор бўла туриб ўзи коронавирус инфекцияси касаллигига чалинганини гумон қилган бўлса-да, карантин шароитида тегишли тартибда давлат санитария назорати органларининг тиббий текширувидан ўтмасдан, 20 апрелдан 27 апрелга қадар тегишли тартибда тез тиббий ёрдамга мурожаат қилмасдан, уй шароитида ўзбошимчалик билан, яширинча ўзини ўзи даволаш билан шуғулланиб, санитарияга оид қонун ҳужжатларни қўпол равишда бузган.

Оқибатда, Х.Д. белгиланган тартибда ўзини ва бошқаларни ҳимоялаш, касаллик юқтирмаслик чораларини кўрмасдан, у билан доимий мулоқотда бўлган турмуш ўртоғи ва бошқа қариндошлари, ўзи даволаб келган бемор ва ҳамкасбларидан иборат жами 11 нафар кишига, шунингдек улар орқали яна 23 кишига ўта хавфли бўлган юқумли касалликни юқтириб, касаллик юқиш хавфи мавжуд бўлган даврда мулоқотда бўлган шахслар доирасини ҳамда борилган жойлар ҳақидаги маълумотларни қасддан яшириб, жами 34 нафар киши Covid-19 инфекцияси билан касалланишига сабабчи бўлган», – дейилган эди вилоят прокуратураси ахборотида.

Ҳимоя

15 май куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги Оқдарё туман тиббиёт бирлашмасининг бўлим мудири Х.Д.га нисбатан жиноий иш очилганини асоссиз деб таъкидлаб чиқди.

«Соғлиқни сақлаш вазирлиги жиноят иши қўзғатиш тўғрисидаги мазкур қарорни қуйидаги асосларга кўра бекор қилиниши лозим деб ҳисоблайди.

Биринчидан, Жиноят кодексининг 257-1-моддаси биринчи қисми диспозициясидаги қасддан содир этилиши талаб этиладиган қилмишлардан бирортаси  фуқаро Х.Д. томонидан содир этилмаган.

Иккинчидан, Жиноят кодексининг юқоридаги моддаси билан жавобгарликка тортиш учун махсус субъект бўлиш талаб этилмайди. Аниқроғи, бу модда билан фақатгина тиббиёт ходимлари жавобгар қилиниши мумкинлиги ҳам қонунда кўрсатилмаган. Айтмоқчи бўлганимиз, тана ҳарорати ошганлигини била туриб, шифокорга мурожаат этмасдан ўзгага инфекция юқтирганлик учун жавобгарликка тортиш мумкин бўлса, нега унда юзлаб ҳолатларда қонуннинг бундай  кучидан фойдаланилмади? Нимага айнан тиббиёт ходимига келганда қонунни бундай талқин қилиш мумкинлиги эсимизга тушиб қолди?

Масалан, яқинда самарқандлик жуда катта тадбиркорнинг фарзанди кўпчиликка худди шундай шароитда коронавирус юқтирганлиги ҳақида интернетда маълумотлар тарқалган эди. Нима учун ушбу ҳолатда қонуннинг шу меъёридан  фойдаланилмади?

Қолаверса, қонунчилигимизда тана ҳарорати ошган фуқаро, хоҳ у тиббиёт ходими бўлсин, хоҳ бошқа коронавирусга анализ топширмаса жиноий жавобгарликка тортилади, деган мажбурият ҳали ўрнатилгани йўқ.

Юқоридаги ҳолатда тиббиёт ходими ҳисобланган Х.Д. коронавирус инфекциясини жуда катта эҳтимол билан беморларга хизмат кўрсатиш жараёнида юқтириб олган. У коронавирус юқтириб олганлигини жорий йил 28 апрель куни топширган тести натижалари аниқ бўлганидан кейингина билган ва дарҳол даволаниш учун ётқизилган. Бунгача у ушбу инфекцияни юқтириб олганини билмаган ва билиши мумкин ҳам бўлмаган. Қолаверса, 34 нафар фуқарога коронавирус айнан тиббиёт ходимидан юққанми ёки бошқаданлигини ҳали дастлабки тергов жараёнида исботлаш керак бўлади.

Тўғри, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Х.Д.нинг ўз соғлигига нисбатан бепарво бўлиб, кимларнидир хавф остида қолдирганлигини оқламоқчи эмас. Шу билан биргаликда, вазирлик мазкур ҳолатда Х.Д.га нисбатан жиноят иши қўзғатиш тўғрисидаги қарор асоссиз, деб ҳисоблайди», деган эди Соғлиқни сақлаш вазирлиги юридик бўлими бошлиғи Руслан Муҳаммадиев.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top