Жаҳон | 23:33 / 22.05.2020
6099
2 дақиқада ўқилади

Португалия сайёҳларни қабул қилишга тайёрлигини маълум қилди 

Португалия ташқи ишлар вазири Сантуш Силва мамлакати туристик мавсумга тайёрлигини маълум қилди.  

Фото: Pinterest

“Биз Португалияда сайёҳларни интиқлик билан кутмоқдамиз”, деб айтган вазир ва мамлакат аэропортларига келувчи барчанинг ҳарорати ўлчанишини маълум қилган.

“Португалия соғлиқни сақлаш тизими яхши ишлади ва биз сайёҳларни қабул қила олишимиз мумкинлиги жуда муҳимдир”, деб қўшимча қилган вазир.

Аввалроқ Португалия ҳукумати коронавирус сабабли ёпилган меҳмонхоналар 1 июндан секин-аста очилишини маълум қилганди. Меҳмонхоналарга келувчилар хоналарга аввалги ташриф буюрувчилар кетгандан 24 соат ўтгачгина жойлашишлари мумкин бўлади. Соҳилбўйида жойлашган меҳмонхоналарда яшовчиларга шахсий шезлонглар тарқатилади.   

Мамлакатдаги пляжлар 6 июндан очилади: дам олувчилар ўзаро 1,5 метр сақлашлари керак бўлади, соябонлар бир-биридан камида 3 метр оралиқ билан жойлаштирилади. Шунингдек, у ёки бу пляжда айни паллада қанча одам борлигини текшириш мумкин бўлган мобил дастурлар пайдо бўлади.

18 майдан мамлакатда қисман кафе ва ресторанлар очилган ҳамда музей ва диққатга сазовор жойлар ўз ишини қайта бошлаган.

Охирги маълумотларга кўра, Португалияда коронавирусдан 30 минг киши зарарланган, 1289 минг киши вафот этган.  

 

Мавзуга оид