Тожикистонда коронавирусга қарши курашда ёрдамлашган шифокорлар Ўзбекистонга қайтиб келди
Икки ҳафта муқаддам Тожикистонга йўл олган ўзбекистонлик шифокорлар гуруҳи Тошкентга қайтиб келди.
«Коронавирус инфекциясига қарши курашиш, касалликка чалинган беморларни самарали даволашда катта тажриба ва малакага эга бир гуруҳ шифокор мутахассисларимиз Тожикистон Республикасига йўл олишган эди.
Бугун тожикистонлик ҳамкасблари билан ҳамкорликда самарали фаолият олиб борган шифокорларимиз юртимизга қайтишди.
Таъкидлаш жоизки, мухассисларимиз томонидан сафар давомида Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллари ҳамда шифокорлари иштирокида қатор анжуманлар ташкил этилиб, уларда Ўзбекистондаги эпидемик вазият ва касалликнинг олдини олишда амалга оширилган чора-тадбирлар ва эришилган ютуқлар ҳақида батафсил маълумот берилди, ўзаро фикр ва тажриба алмашинди. Шунингдек, касалликка чалинган беморларни самарали даволаш, шахсий ҳимоя воситаларидан тўғри фойдаланиш, гигиена қоидаларига риоя қилиш ва шифохоналарда зарарсизлантириш тадбирларини амалга ошириш тартиб-қоидалари бўйича мастер-класс машғулотлари ҳам ўтказилди.
Юртимиздан борган анестезиолог-реаниматолог, пульмонолог, эпидемиолог, инфекционист, вирусолог каби мутахассисларимиз тожикистонлик ҳамкасблари билан ҳамкорликда қатор тавсиялар ишлаб чиқишди ва шу асосда самарали чора-тадбирлар амалга оширилди.
Жумладан, Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида коронавирус инфекцияси бўйича республикадаги вазиятни ўрганиш, зарур бўлганда, қўшимча чора-тадбирларни режалаштириш ва оғир беморларга малакали тиббий ёрдам кўрсатиш тадбирларини амалга ошириш мақсадида етук мутахассислардан иборат марказий гуруҳ ташкил этилди. Шунингдек, аҳоли томонидан коронавирус инфекцияси бўйича тушган мурожаатларни зудлик билан кўриб чиқиш ва ҳал этиш учун, Ўзбекистон тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, Саll-марказ фаолияти йўлга қўйилди. Мобил компаниялар орқали аҳолини коронавирус касаллигидан ҳимоя қилиш мақсадида тизимли равишда SMS тарғибот ишлари бошлаб юборилди.
Бундан ташқари, ташриф доирасида Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоят, туман даволаш профилактика муассасаларининг раҳбарлари ва юқумли касалликлар шифохоналарининг мутахассислари иштирокида қатор онлайн видеомулоқотлар ўтказилди.
Умуман олганда, юртимиз мутахассисларининг 14 кун давомида тожикистонлик мутахассислар билан биргаликда олиб борган коронавирус инфекциясининг олдини олиш ҳамда даволашга қаратилган амалий чора-тадбирлари катта самара бераётганлиги улар томонидан ҳам алоҳида эътироф этилди. Дарҳақиқат, ўзбек-тожик халқлари ҳамиша бир-бирига елкадош бўлиб келган. Буни зарур кўмак ва керакли тавсиялари билан тожик халқига яқиндан ёрдам берган фидойи шифокорларимиз мисолида ҳам гувоҳ бўлишимиз мумкин.
Ана шундай шарафли вазифани муносиб тарзда бажариб қайтишган тиббиёт ходимлари юртимиз Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари томонидан тантанали равишда, юксак эҳтиром билан кутиб олинди», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.
Тожикистонда бўлиб қайтган тиббий гуруҳ таркибидаги барча, яъни 8 нафар тиббиёт ходими Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан «Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси» кўкрак нишони билан тақдирланди.
Мавзуга оид
19:32 / 31.10.2024
Тожикистон президенти ижтимоий тармоқлардаги «лайк» учун одамларни таъқиб қилмасликни талаб этди
14:16 / 31.10.2024
Тожикистонда Counter Strike ва GTA видеоўйинларини тақиқлаш таклиф қилинди
15:00 / 19.10.2024
Тожикистонда КХШТ машғулотларининг фаол босқичи бўлиб ўтмоқда
22:55 / 12.10.2024