10:04 / 22.05.2020
4426

Хорижда илмий унвонлар олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш тартиби эълон қилинди

Хорижий давлатларда илмий унвонлар олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланади.

Вазирлар Маҳкамасининг “Хорижий давлатларда илмий унвонлар олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Қайд этилишича, хорижий давлатларда илмий унвонлар олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тўғридан-тўғри (экспертизасиз) тан олиш Ўзбекистон Республикаси олий таълим ва илмий-тадқиқот (ИТМ) муассасалари кенгашларининг мурожаатларига мувофиқ амалга оширилади.

Хорижий давлатларда илмий унвонлар олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш мувофиқ схема бўйича — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси (ОАК) томонидан амалга оширилади.

Хорижий давлатларда илмий унвонлар олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш бўйича давлат хизматини кўрсатганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баробари миқдорида йиғим ундирилади.

Йиғим суммаси қуйидаги тартибда тақсимланади:

а) Давлат хизматлари марказларига ўзи келиб мурожаат этганда:

20 фоизи — Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги бюджетдан ташқари жамғармасининг шахсий ҳисоб рақамига ўтказилади;

60 фоизи — Олий аттестация комиссиясининг ҳисоб рақамига;

20 фоизи — Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетига ўтказилади;

б) ЯИДХП орқали мурожаат этилганда:

10 фоизи — Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги бюджетдан ташқари жамғармасининг шахсий ҳисоб рақамига ўтказилади;

10 фоизи — Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги “Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт лойиҳаларини бошқариш маркази” ДУКнинг ҳисоб рақамига ўтказилади;

60 фоизи — Олий аттестация комиссиясининг ҳисоб рақамига;

20 фоизи — Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетига ўтказилади

Хорижий давлатларда илмий унвонлар олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш Ўзбекистон Республикаси ОТМ/ИТМ кенгаши тавсиясига мувофиқ ОАК томонидан амалга оширилади.

Хорижий давлатларда илмий унвонлар олганлик тўғрисидаги ҳужжатларнинг ҳақиқийлигини аниқлаш ОТМ/ИТМ томонидан амалга оширилади. Зарур ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги хорижий давлатларнинг олий таълим муассасалари ёки илмий марказларида илмий унвонлар берилгани тўғрисидаги маълумотларни олишда ОТМ/ИТМга кўмаклашади.

Хорижий давлатлар аттестация органлари томонидан 1992 йил 1 январигача Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳамда Ўзбекистон Республикасида доимий яшаб ва ишлаб турган чет эл фуқароларига берилган илмий унвонлар ҳақидаги ҳужжатларни тан олиш талаб этилмайди.

Хорижий давлатларда илмий унвонлар олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш учун ОТМ/ИТМ кенгаши томонидан бевосита Давлат хизматлари агентлиги ёки ЯИДХП орқали рўйхатдан ўтган ҳолда мурожаат қилинади.

Давлат хизматлари агентлигига мурожаат қилинганда ОТМ/ИТМ номидан давлат хизматлари маркази ходими, ЯИДХП орқали мурожаат қилинганда ОТМ/ИТМ илмий котиби хорижий давлатда илмий унвон олганлик тўғрисидаги ҳужжатини тан олиш ҳақидаги сўровномани тўлдиради.

Хорижий давлатда илмий унвон олганлик тўғрисидаги ҳужжатни тан олиш учун сўровномага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

а) ОТМ/ИТМ раҳбари имзолаган йўлланма хат. Хатда талабгорнинг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган йили ва жойи, иш жойи ва лавозими, шунингдек, қачон ва қайси давлатда илмий унвон аттестатини олганлиги, илмий унвоннинг расмий номи, хорижда олинган ҳужжатнинг берилган куни, серияси ва рақами ҳамда ОТМ/ИТМ кенгаши мажлиси ўтган сана ва рақами ҳақидаги маълумотлар кўрсатилади;

б) илмий унвон аттестати (нусхаси олиниб, асли қайтарилади). Хорижий давлатда илмий унвон олганлик тўғрисидаги ҳужжатнинг Ўзбекистон Республикаси давлат тилига таржима қилинган нотариал тасдиқланган нусхаси;

в) ОТМ/ИТМ кенгаши мажлиси баённомаси (мазкур муассаса илмий котиби томонидан тасдиқланган ва муҳрланган ҳолда).

Ҳужжатлар қабул қилингандан кейин барча қоғоз шаклидаги ҳужжатлар ОТМ/ИТМ илмий котибига қайтарилади.

Бошқа ҳужжатларни талаб қилиш тақиқланади.

Тегишли маълумотлар киритилгандан сўнг ОТМ/ИТМ илмий котибининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади.

Электрон рақамли имзо билан тасдиқлаш имконияти бўлмаган ҳолларда тегишли имзолар идентификация қилишнинг рухсат берилган бошқа воситалари билан ҳам тасдиқланиши мумкин.

Ҳужжатларни тақдим этган ОТМ/ИТМ маълумотларнинг тўғрилиги ва қалбаки ҳужжат (ҳужжатлар) тақдим этилмаганлигига масъулдирлар. Қалбаки ҳужжатлар аниқланганда, ОТМ/ИТМ томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар берилади.

Қуйидаги ҳолатларда давлат хизматлари кўрсатилиши рад этилиши мумкин:

сўровноманинг электрон рақамли имзо ёки имзони идентификация қилишнинг бошқа воситалари билан тасдиқланмаганида;

сўровнома ва унга илова қилинган ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилмаганида;

хорижий давлатда илмий унвон олганлик тўғрисидаги ҳужжатни тан олиш бўйича давлат хизмати кўрсатганлик учун белгиланган йиғим тўланмаганида.

Давлат хизматлари кўрсатишни мазкур бандда кўрсатилган асослардан бошқа ҳолатлар бўйича рад этишга йўл қўйилмайди.

ОТМ/ИТМ давлат хизматидан фойдаланишдан уни кўрсатишнинг ҳар қандай босқичида бош тортишга ҳақли.

ОТМ/ИТМ давлат хизматидан фойдаланишдан бош тортганда, унинг мурожаати кўрилмасдан қолдирилади ва тўланган йиғим қайтарилмайди.

ОАКга маълумотлар қуйидаги муддатларда тақдим этилади:

Давлат хизматлари агентлиги орқали мурожаат қилинганда сўровнома қабул қилинган вақтдан бошлаб ўн дақиқа ичида;

ЯИДХП орқали мурожаат қилинганда дарҳол юборилади.

Тўлиқ тақдим этилмаган ҳужжатлар ОАК томонидан кўриб чиқилмайди ҳамда ҳужжатлар топширилган пайтдан бошлаб бир иш кунида сўровнома ва унга илова қилинган ҳужжатлар тегишлилиги бўйича Давлат хизматлари агентлиги ёки ЯИДХП орқали камчиликлари кўрсатилган ҳолда ОТМ/ИТМга қайтариб юборилади.

Top