Жаҳон | 21:30 / 01.06.2020
5325
2 дақиқада ўқилади

Исроил бош вазири ўз номига билдирилаётган таҳдидлар сабабли полицияга мурожаат қилди

Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху ўзи ва оиласи номига билдирилаётган таҳдидлар сабабли полицияга мурожаат қилишига тўғри келди. Бу унинг полицияга биринчи бундай мурожаати эмас.

Нетаньяху бу ҳақда Twitter’даги саҳифасида маълум қилган.

“Бир неча кун аввал мен ва оиламни ўлдириш ҳақида бир нечта таҳдидлар олганимдан кейин полицияга шикоят қилдим. Бугун, афсуски, яна бир киши устидан полицияга мурожаат қилишимга тўғри келди. Бу одам мен ва оиламни қандай ўлдирмоқчилигини батафсил баён қилган”, деб ёзган Исроил бош вазири. 

Нетаньяхунинг фикрича, бундай вазият унинг рақибларини қўллаб-қувватловчи бир қатор оммавий ахборот воситалари уни ҳокимиятдан четлатишга уринаётгани сабабли юзага келган. “Мени ҳокимиятдан четлатишга уринишларни бир сония ҳам тўхтатмаётган сўл ОАВ қачон мени ҳимоя қилади ва менга ҳамда оилам номига билдирилаётган таҳдидларни қоралайди?”, деб савол билан юзланган бош вазири бошқа бир постида.

Таъкидланишича, Нетаньяху ўзига билдирилаётган таҳдидлар юзасидан полицияга биринчи марта мурожаат қилмаяпти.

Айни вақтда Нетаньяхуга нисбатан суд жараёни бормоқда. У коррупция ва жамият ишончини суиистеъмол қилишда айбланмоқда. Нетаньяху 24 май куни ўтган биринчи суд йиғилишида прокуратура хулосаси билан танишиш ва ўзига қўйилаётган айбловларни тушунганини тасдиқлаш учун шахсан иштирок этган. 

Эътиборлиси, ушбу айбловлар Исроил бош вазирига янги ҳукуматни шакллантиришига халақит қилмаган.

Мавзуга оид