21:55 / 03.06.2020
50074

Тошкентда коронавирус беморларининг яна бири вафот этди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тошкентда коронавирусга чалинган беморлардан бири ўпка-юрак етишмовчилиги ва бош мия қон айланишининг ўткир бузилишидан вафот этгани тўғрисида хабар қилди. Эндиликда Ўзбекистонда коронавирусдан вафот этганлар сони 16 нафарга етди.

«Тошкентлик М.да 2 июнь куни Covid-19 аниқланиб, Вирусология илмий текшириш институти клиникасига ётқизилган эди. 72 ёшли (эркак) бемор узоқ йиллардан буён  юрак ишемик касаллиги, зўриқиш стенокардияси, гипертония касаллиги, қандли диабетнинг иккинчи тури ташхиси билан даволаниб келган. 2000 ва 2019 йилларда у икки марта миокард инфарктини ўтказган.

Беморнинг даволаниши давомидаги кунлик аҳволи мамлакатимиздаги шу соҳага ихтисослашган тиббиёт муассасаларининг нуфузли мутахассислари назоратида бўлган. Бундан ташқари, Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази шифокорлари томонидан консилиумлар ўтказиб турилган. Бироқ мутахассисларнинг белгиланган стандартлар асосида ўтказган реанимацион муолажаларига қарамасдан жонлантириш бўлимида сунъий нафас олиш аппаратида бўлган бемор ўпка-юрак етишмовчилиги, бош мия қон айланишининг ўткир бузилишидан вафот этди», дейилади хабарда.

Ўзбекистонда коронавирус беморлари ўлими билан боғлиқ ҳолат охирги марта 31 май куни Тошкентда қайд этилганди.

Шу вақтгача Тошкентда 7, Наманганда 4, Самарқандда 2, Фарғона ва Сурхондарёда биттадан ўлим рўй берганди.

3 июнь куни куни соат 17:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекциясидан зарарланиш билан боғлиқ 3815та ҳолат аниқланган, беморларнинг 3014 нафари соғайган. Шифохоналарда 786 бемор даволанмоқда, улардан 9 нафари оғир аҳволда.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top